Ахсикент тупроғидан  ясалган кулолчилик буюмлари дунё кезмоқда

12:24 27 Октябр 2021 Жамият
865 0

Фото; Қудратилла Нажмиддинов / “Халқ сўзи”

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги Ахсикент тарихий ёдгорлигига оид маълумотларда қайд этилишича, бу ерда IХ-ХII асрларда ҳунармандчилик, хусусан, кулолчилик ва темирчиликнинг ўзига хос мактаби яратилган. Табиат манзаралари, рўзғор ашёлари ва аждодларимиз қиёфаси аксланган  нафис кулолчилик буюмлари аждодларимиз ниҳоятда иқтидорли бўлишганидан гувоҳлик берадики, уларнинг айримлари  Париждаги машҳур Лувр  музейи, ноёб шиша буюмлар  эса Тошкент, Москва, Санкт-Петербург музейларининг қимматбаҳо экспонатлари қаторидан ўрин олган.

Давлатимиз раҳбари эътибори туфайли Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Улар босқичма-босқич амалга оширилиши билан  сайёҳлар учун кўҳна шаҳар осори атиқаларидан баҳраманд бўлишнинг кенг имкониятлари яратилади.

Ахсикент харобаларининг яна бир муҳим жиҳати, унинг тупроғи бебаҳо. Тарихий обиданинг ўнг томонида жойлашган қисмидаги, таркибида ёпишган модда бўлган тупроқ азалдан ҳунармандлар эътиборини тортиб келади.

Маҳаллий ёш кулоллардан бири - Ҳусанбой Муродов ҳам мана шу тупроқдан йигирма турга яқин эсдалик буюмлари ясамоқда. Унинг қалб ва қўл тафти билан сайқал топган кулолчилик буюмлари ҳозиргача Япония, Россия, Беларусь, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ каби давлатлардан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар ва сайёҳлар орқали дунё кезмоқда.

- Яқин вақт ичида  катта ҳунармандчилик устахонасини қуриш ниятидаман, - дейди Ҳ. Муродов. –Унда лойга ишлов беришдан ташқари  ёғоч  буюмлар ясашни ҳам йўлга қўйишни, Ахсикент бренди билан футболка ва кепкалар ишлаб чиқариш орқали тарихий обида тарғиботини кенгайтиришни мўлжаллаяпман.

                                                                        

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,  “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер