Айрим мультфильмлар болаларда руҳий касалликларни ривожлантиради — Психолог билан мультфильмлар ҳақида суҳбат

13:30 20 Май 2021 Маданият
4063 0

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болаларни 2,5 ёшдан бошлаб «фаол томошабин» деб аташ мумкин.

Хўш, болаларимиз севиб томоша қиладиган мультфильмларнинг қандай салбий ва ижобий жиҳатлари мавжуд? Барча мультфильм ҳам бола шахсини ривожлантиришга ҳисса қўша оладими? «Халқ сўзи» мухбири амалиётчи психолог Дилобар Расулева билан шу мавзуда суҳбатлашди.

Мухбир: Болаларнинг мультфильм кўп томоша қилиши, уларга қандай таъсир қилиши мумкин?

Психолог: Мультфильмларни назоратсиз томоша қилиш боланинг кўриш қобилияти, вазнига, шунингдек унинг руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ бир нарса доимо ёдимизда бўлиши зарур. Бу билан барча мультфильмларнинг зарарли дейишдан йироқмиз. Мультфильмлар орасида шахсни ривожлантирадиган, мазмунлилари ҳам талайгина.

Бола мультфильм томоша қилаётганида, ота-оналар мультфильм томоша қилиш фарзандлари учун ёмон одатга айланиб бораётгани ва тез орада болани телевизордан узоқлаштириш жуда қийин бўлиши ҳақида ўйламайдилар. Натижада бола билан доимий алоқа, мулоқот анча камаяди. Ота-оналар ва тенгдошлар билан тўлиқ алоқанинг йўқлиги сабабли болалар нутқининг шаклланишида кечикиш ва талаффузда қийинчиликларга дуч келишади.

Телевизорларда намойиш этилаётган айрим мультфильмлар боланинг ривожланиши ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Улар болаларда тажовузкорлик, асабийлашиш ва руҳий касалликларни шакллантиради. Шунга асосланиб, ота-она боланинг телевизор олдида ўтказадиган вақтини назорат қилишингиз керак.

Мухбир: Болаларга неча соат мультфильм кўришга рухсат бериш лозим? Бу борада аниқ талаблар мавжудми?

Психолог: Ҳа, албатта, маълум талаблар мавжуд.

Халқаро талабларга кўра, мактабгача ёшдаги (3-7 ёш) болаларга кунига 30 дақиқагача, бошланғич синф мактаб ёшидаги болаларга (7-10 ёшгача) кунига 30-50 дақиқагача мультфильм томоша қилиш тавсия этилади. Ундан катта ўқувчилар (11-18 ёш) кунига 1-3 соат давомида мультфильм кўришлари мумкин. Боланинг кўзидан телевизор экранигача бўлган масофа уч метрдан кам бўлмаслиги керак.

Мухбир: Кимларга мультфильм томоша қилиш тавсия этилмайди?

Психолог: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қабул қилинган талаблаога кўра, уч ёшга тўлмаган болаларга мультфильм томоша қилиш умуман тавсия этилмайди. Бу ёшдаги айрим болалар мультфильм томоша қилса, фақат мультфильмга эътибор беришади, ҳатто ҳаракат ҳам қилмайди қилмайди, аксарият ҳолатларда. Келажакда бундай болалар нутқ, кўриш, ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ҳатто ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади. Ривожланишда бундай болалар тенгдошларидан ортда қолиши мумкин.

Уч ёшдан ўтган болалар эса ётишдан олдин мультфильм томоша қилмаслиги керак: мультфильмни томоша қилгандан сўнг, бола ҳаяжонланади ва уйқу билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин.

Мухбир: Шахсни ривожлантирадиган мультфильмлар ҳақида ҳам гапириб ўтдингиз. Хўш бу тоифага қандай мультфильмлар киради?

Психолог: Бундан бир неча ўн йиллар аввал мультфильмлар қаттиқ назоратдан ўтганидан кейингина эфирга узатилган, мультфильмнинг ҳар бир кадри текширилган. «Уч оға-ини ботирлар», «Қундуз амакининнг қиссалари» каби кўплаб мультфильмлар бола руҳиятига фойдали таъсир кўрсатади, болаларга меҳрли ва тартибли бўлишни ўргатади. Аммо аксарият ота-оналар бугунги кунда бу каби мультфильмларни эски ва зерикарли деб ҳисоблашади.

Ижобий таъсирга эга мультфильмларга миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи, ўғил болалар тарбияси учун «Алпомиш», қизлар тарбияси учан «Зумрад ва Қиммат» кабиларни мисол қилиш мумкин.

Мухбир: Салбий таъсир қилувчи мультфильмлар ҳақида батафсилроқ ҳам маълумот берсангиз…

Психолог: Бола психикаси ва ақл-идроки ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган жуда кўп мультфильмлар мавжуд. Бундай мультфильмлар туфайли болалар кўпинча қадриятлар, ҳаёт, дўстлар ва ота-оналар ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлади. Мультфильмлар таъсирида болалар салбий ва тажовузкор ўйинларни таклиф қилишади. Мультфильмларда жуда кўп зўравонлик ва шафқатсизлик кўрсатилади. Болаларга қон, жанжал ва ҳоказо саҳналарни кўрсатиш керак эмас. Кейин болалар ўзларининг севимли белгиларига тақлид қилишлари ва шафқатсиз бўлишлари мумкин, ёки бу каби кадрлар болалик қўрқувига, изоляцияга олиб келади.

Яна айрим мультфильмларда эркаклар аёллик хусусиятларига эга ва аксинча. Бу белгиларнинг кийиниши ва хатти-ҳаракатларида акс этади. Бу ҳам болаларда нотўғри тушунчалар шаклланишига олиб келади.

Экранда сиз кўпинча ҳайвонларга ва ўсимликларга, қарияларга ва ота-оналарга ҳурматсизликни кўришингиз мумкин. Болалар буларнинг барчасини хотираларига муҳрлайдилар ва ўша ҳаракатларни такрорлашга уринишади.

«Маша и медвед» мультфильмини барча билади, тезда оммалашди. Бироқ ушбу анимация болаларига салбий таъсир қилади. Мультфильм қарияларни устидан куладиган шўх қизча тимсолини гавдалантиради. Унда Маша қиёфасида ёш ва шўх қизча тасвирланган бўлса, айиқ образида эса ёши катта шахс гавдалантирилган, қайсидир маънода. Бу Шарқ давлатлари болаларига психологик, шаклланаётган қадриятларига таъсир қиладиган мультфильмдир.

Мухбир: Ота-оналарга мультфильмлар танлашда қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

Психолог: Салбий таъсир кўрсатувчи мультфильмлар бутун дунёда катта муаммога айланди. Психологлар ота-оналарга болалари учун мультфильмларни жуда эҳтиёткорлик билан танлашни тавсия қилади. Иложи бўлса, болалар билан мультфильмларни биргаликда томоша қилиш яхшироқ, бу уларнинг реакцияларини кузатиш имконини беради.

Мультфильмни болага қўйиб беришдан аввал асосий кадрларни ёки бутун мультфильмни кўриб чиқинг. Шунда ота-онани ўзи ҳис қилиб, мультфильмларни танлай олади.

Бир нарсани тушуниш керак, ҳатто «Энг яхши» деб эътироф этилган мультфильмлар ҳам болага мос келмаслиги ёки уни қўрқитиши мумкин.

Кўп омил бола яшайдиган оилада ақл ва маданиятнинг ривожланишига боғлиқ. Хуллас, ота-оналар дарҳол болалар мультфильмларини «ўчириб» ташлашига ҳожат йўқ, лекин уларни кўришни назорат қилиши керак. Уларнинг биргаликда мультфильм томоша қилиши эса оилавий муҳитга ижобий таъсир кўрсатади.

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА,

«Халқ сўзи» мухбири суҳбатлашди

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер