Айбсизлик презумпцияси — туҳмат ва гумондан ҳимояланиш кафолати

16:19 17 Июнь 2023 Жамият
856 0

Халқимиз ўт, сув ва туҳмат балосидан ўзи асрасин, деб бежизга айтмаган. Асоссиз айбланиб, яна камига жазога тортилишдан ортиқ адолатсизлик бўлмаса керак. Яқин ва узоқ ўтмишимизда қуруқ туҳмат ва бўҳтонлар билан айбланиб, жазога ҳукм қилинганлар оз эмас.

Айбсизлик презумпцияси жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ шахсни адолатли суд қарорисиз айблашдан ҳимоя қилади ҳамда уни ўзининг айбсизлигини исботлаб бериш мажбуриятидан халос этади.

Шу маънода БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан айбсизлик презумпцияси чекиниб бўлмайдиган ва чеклаб бўлмайдиган мутлақ ҳуқуқ сифатида эътироф этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугунги кунда айбсизлик презумпцияси инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим стандартлардан бири сифатида қуйидаги таркибий элементлардан ташкил топган:

– айбни исботлаш мажбурияти айблов тарафнинг зиммасига юкланади;

– айб асосланган шубҳалар бўлмаган ҳолда исботланмагунча, айбдорликка доир шубҳа қилиб бўлмаслигини кафолатлайди;

– шубҳалар доимо айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши кафолатланади ва жиноят содир этганликда айбланувчига нисбатан ушбу тамойилга мувофиқ муносабатда бўлиш талаб этилади.

Қувонарли томони шундаки, янги таҳрирдаги Конституциямизда айбсизлик презумпциясининг барча жиҳатлари тўлиқ ўз ифодасини топди. Буни қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланди.

Шахсни айбдор деб топишга фақат суд ваколатли экани айбсизлик презумпциясининг олтин қоидаларидан бири ҳисобланади. Суддан бошқа органлар ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсни айбдор деб топишга ҳақли эмас. Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлгандагина шахсни айбдор деб ҳисоблаш мумкинлигининг белгиланиши шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўзбошимчалик билан айблаш ва жавобгарликка тортишдан ҳимоя қилади. Қолаверса, ушбу қоида сўнги йилларда фуқаролар ўртасида кенг учраётган “самосуд” ҳолатларига чек қўйишга ҳам хизмати қилади;

Иккинчидан, айбланувчи ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар билан таъминланади. Айбланувчи ҳар доим ҳимояланиш имкониятга эга бўлиши лозим. Айбланувчига ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш имконияти кафолатланади.

Белгиланган ҳолларда адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан қопланади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишда асос қилиб олинувчи принциплардан бири сифатида иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилинишини кафолатлайди;

Учинчидан, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши назарда тутилди.

Баъзан шахснинг айбига оид гумон ва тусмолларга аниқлик киритишнинг қонуний имкони бўлмай қолади. Ана шундай гумон ва тусмоллар гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг манфаатлари ва фойдасидан келиб чиқиб талқин қилинади.

Тўртинчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Исбот қилиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилиши керак. Шахсни ҳам жавобгарликка тортиб, ҳам ундан ўз айбсизлигини исботлаб беришни талаб қилишга йўл қўйилмайди;

Бешинчидан, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Суд ва терговда шахсни ўзига ва оила аъзоларига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиш унинг манфаатларига асло тўғри келмайди. Қолаверса, миллий менталитетимизда оила аъзолари ва қариндошлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат муҳим қадрият сифатида тушунилади. Отанинг ўз фарзандига, фарзанднинг отасига, ака-ука ва опа-сингиллар бир бирига қарши гувоҳлик бериши оилавий қадриятларимизга ҳам мос эмас. Шу сабабли шахснинг ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги тўғрисидаги норма айбсизлик презумпциясини миллий менталитетимиз асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Олтинчидан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу суд ва терговда шахс манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги кафолатлар тақдим этади.

Гап шундаки, шахснинг айбига оид далиллар етарли бўлмаганда унинг ўз айбига иқрор бўлганлиги тўғрисидаги ягона далил билан чекланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Биргина ўз айбига иқрор бўлганлиги билан шахсни жавобгарликка тортиш ва жазога ҳукм қилиш адолат ва мантиқ мезонларига тўғри келмайди. Эндиликда шахсни айблаш учун далиллар етарли бўлмаганда айбига иқрорлик олиш учун қўрқитиш, унга таҳдид қилиш ва босим ўтказиш ёки қийноқ қўллаш ҳолатларига йўл қўйилмайди.

Айбсизлик презумпциясининг конституция билан мустаҳкамланиши судланаётган фуқароларнинг умуминсоний ҳуқуқларга риоя этилиши ва тергов жараёнларидаги муҳим инсонпарвар қоидалар жорий қилинишини кафолатлайди.

Фарход ПРИМОВ,

ИИВ Академияси кафедра бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?