Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш кўлами янада кенгаяди
Мамлакатимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, соҳани жаҳон андозаларига мослаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тизимли ва кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Яқинда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳам соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, соғлиқни сақлаш вазирлигининг келгуси фаолиятида муҳим дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.
Ушбу ҳужжат соғлиқни сақлаш соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини ошириш, ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг келгуси истиқболларини белгилаш орқали тиббий хизмат сифати ва кўламини кенгайтириб боришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фармон билан Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ташкил этилиши белгиланди. Бу албатта, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини ривожлантириш борасидаги ишларни мувофиқлаштирган холда, унинг самарадорлигини ошириш имконини кенгайтиради.
Шунингдек, ушбу институт ташкил этилаётганининг яна бир муҳим жиҳати — тиббий статистикани шакллантириб, статистик кўрсаткичларни мунтазам таҳлил қилган ҳолда, илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг устувор йўналишлари, соҳанинг ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишидир.
Бундан ташқари, «2024-2026-йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастури” ҳамда “Аҳоли саломатлиги — 2030» миллий стратегияси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Уларда белгиланаётган чора-тадбирлар бирламчи тиббий–санитария хизматини аҳолига янада яқинлаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш, кадрлар салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, тизимда қоғозбозлик, бюрократия ва беморларнинг навбат кутиб қолишига чек қўяди.
Қайд этиш жоиз, Фармон билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказиляпти. Бу ўз навбатида, соҳага ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилишини тезлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини янада кенгайтириш ва ундан барча ҳудуд аҳолиси тенг фойдаланиши учун замин яратади.
Шу билан бирга, тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича алоҳида фаолият юритиб келган жамғармаларни бирлаштирган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этиладиган бўлди.
Жамғарма маблағлари тиббиёт муассасаларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик масалалари, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликка чалинган беморларга мамлакатимизда ва хорижда юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикамизда амалга оширилмайдиган жарроҳлик амалиётларини хорижда ўтказиш билан боғлиқ харажатларга сарфланади. Бу каби йўналишларнинг ягона жамғарма маблағлари орқали амалга оширилиши масаланинг аҳамиятидан келиб чиқиб, маблағларнинг мақсадли сарфланиши, муаммоларнинг ўз вақтида ечилишида муҳим аҳамият касб этади.
Мухтасар қилиб айтганда, белгиланган вазифалар соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш, тиббий хизмат қулайлиги, сифати ва самарадорлиги янада яхшилашга хизмат қилади.
Зумрад БEКАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Болливуд юлдузи Мумбайдаги уйида пичоқлаб кетилди
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- ҲАМАС ва Исроил ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
- Бир хум тилла топиб олинди. Ушбу хазинада Ғарбий Рим империяси императорининг суратлари туширилган 141 дона олтин танга бор
- Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг