Аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатилмоқда

16:12 17 Февраль 2025 Жамият
217 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Кейинги йилларда республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт йўналишига замонавий, юқори технологик ускуналарнинг жалб этилиши энг мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам ҳудудларнинг ўзида амалга ошириш имконини бермоқда.

Айни пайтда республика даражасида амалга ошириладиган 14 турдаги юқори технологик операциялар вилоят марказида, вилоят даражасидаги 5 турдаги жарроҳлик амалиётлари бевосита туман ва шаҳарлар шифохоналарида бажарилиши йўлга қўйилди. Соҳада сифатли натижаларга эришиш учун энг аввало, тиббий муассасалар замон талабларига жавоб бериши керак. Шунинг учун ўтган йилда 9 та йирик муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Масалан, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида 34 млрд. сўмлик лойиҳа ишлари бажарилди. 7 та масканда «Ташаббусли бюджет» дастурига асосан 10,5 млрд. сўмлик қайта қуриш ишлари олиб борилди. Тиббиёт муассасалари учун 1500 дона 59 турдаги юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар сотиб олинди. Бу беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда яширин касалликларни вақтли аниқлаш имконини ҳам берди. Хусусан, республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон филиалида даволаш-муолажа ишлари тубдан ижобий томонга ўзгарди.

— Ўн тўрт йилдан буён қандли диабет касаллиги билан оғрийман, — дейди Андижон шаҳрида яшовчи Меҳринисо Ҳайдарова. — Ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб, муолажа олиб тураман. Илгари вилоятда шароит бўлмаганига даволаниш учун пойтахтга боришимга тўғри келарди. Ҳозир вилоят шифо масканлари энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминлангани учун шу ернинг ўзида ҳар қандай муолажа олиш имкони вужудга келди.

Айтиш керакки, 2024 йилда вилоятдаги мавжуд аҳолининг 96,9 фоизи хатловдан ўтказилди. 40 ёшдан ошган аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари ва эндокринологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 977 минг 635 нафар аҳоли скринингдан ўтказилди. Вилоятда она ва бола саломатлигини асраш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ибратлидир. Ўтган йили туғруққа кўмаклашувчи муассасаларда тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилоят ҳудудий филиалига 30 та, Шаҳрихон туманлараро перинатал марказига 30 та, Балиқчи тумани туғруқ комплексига 15 та қўшимча ўринлар ташкил этилди. Қўрғонтепа, Пахтаобод ва Шаҳрихон туманларида перинатал марказларининг ташкил этилиши натижасида чекка ҳудудлардаги туғиш ёшидаги аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш янги босқичга олиб чиқилди. «Она ва бола саломатлик маркази»нинг вилоятдаги филиали халқаро «Хавфсиз оналик» сертификатига эга бўлди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази республикадаги нуфузли шифохоналардан бирига айланди. Бу ерда бир йилда ўртача 350 та юқори технологик операциялар амалга оширилмоқда.

— Фарзандим туғилганида юрагида муаммоси бор эди, — дейди қўрғонтепалик Сарвиноз Сотиболдиева. — Шунинг учун вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма беришди. Бу ерда тажрибали шифокорлар томонидан мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир фарзандим соғлом улғаймоқда.

Вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасаларида фақат маҳаллий аҳоли эмас, қўшни давлатлардан келган беморлар ҳам шифо топаётгани диққатга сазовор. Ушбу шифо масканларида 4 минг нафарга яқин чет эл фуқаролари даволаниб, соғлом ҳаётга қайтди.

— Андижон вилоятида ақли заиф болаларга кўмаклашувчи тиббий муассаса борлигини эшитиб, 15 ёшли ўғлимни шу ерга олиб келдим, — дейди қозоғистонлик Сайрам Адишева. — Фарзандимни тиббий кўрикдан ўтказишди. Кейин мустақил ҳаракатлана олишини таъминлаб беришлари мумкинлигини айтишди. 15 кунда ўғлим ўзи овқатланадиган, буюмларини ажратадиган, атрофидагиларни танийдиган бўлди. Бу мен учун жуда катта бахт. Шундан буён ҳар йили келиб муолажа оляпмиз. Бу Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси нақадар тез ва қисқа муддатларда ижобий томонга ўзгарганини кўрсатади.

Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда инсон омилига бўлган эътиборнинг юксак ифодаси сифатида эътироф этилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?