Афросиёб билан Сиёвушнинг қабри қаерда?

13:25 25 Февраль 2025 Жамият
125 0

Бухоронинг энг қадимги меъморий обидаси Арк қалъасидир. У милоддан олдинги биринчи минг йилликдан бери мавжуд. Арк кўплаб жанг-жадаллар, босқинлар натижасида вайронага айланиб, қайта ва қайта тикланган.

Абулқосим Фирдавсий (935-1020 йиллар) «Шоҳнома»сида бу ёдгорликни афсонавий қаҳрамонлар номи билан боғлайди. Қомусий асарда Аркнинг кўп бор тикланиб, вайрон этилиши даврлари, ҳужум ва қамаллар ҳақида ҳикоя қилинади.

Талатўплар оқибатида Арк ўрнида баландлиги 20 метр, саҳни тўрт гектарга яқин сунъий тепалик ҳосил бўлган. Унинг бизгача етиб келган айрим бинолари ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошларига тааллуқлидир.

«Шоҳнома»да келтирилган афсонада айтилишича, Аркни Турон ҳукмдори Алп Эр Тунга яъни Афросиёб ва Эрон шаҳзодаси Сиёвуш бунёд этган. Унда жумладан шундай сўзларни ўқиймиз: «Бухоро қалъасининг бино қилиниши сабаби шулки, Сиёвуш ибн Кайковус отасидан қочиб, Жайхундан ўтиб Афросиёб ҳузурига келган. Афросиёб ҳурматлаб уни ўзига куёв қилиб олган. Айтишларича, Афросиёб ўзининг бор мулки ва яккаю ёлғиз қизи Ферангисни берган экан. Сиёвуш бу вилоят унга вақтинча берилганлигини биларди, шунинг учун ўзидан абадий бир эсдалик қолдириб кетиш ниятида шу қалъани бино қилди ва кўп фурсат шу ерда турди. Бир оз ўтгач, душманлар у билан Афросиёб ўртасида низо чиқардилар. Шу важдан Афросиёб уни ўлдирди. Марҳумни Коҳфурушон дарвозаси ичига, қалъага кираверишда, Шарқ томонга дафн қилдилар. У дарвозани Гўриён деб атайдилар. Шу сабабли Бухоро муғлари шаҳарнинг ўша жойини муқаддас тутади ва ҳар йили йил бошланган кун, қуёш чиқишидан сал аввалроқ ўша жойга бир хўрозни келтирадилар ва сўйиб қурбонлик қиладилар. Бухороликлар Сиёвушнинг ўлдирилгани муносабати билан овоз чиқариб йиғлайдилар.»

Сиёвуш қабрига олиб чиқадиган Гўриён дарвозаси ХIХ аср охиригача мавжуд бўлган. Бухоронинг сўнгги амирлари даврида у девор билан ёпиб юборилган.

Муҳаммад Ибн Жаъфар Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» китобида (943-944 йиллар) шундай ёзади: «Ўгай онаси Судоба Сиёвушга ошиқ бўлади. Мақсадига эришолмагач унга туҳмат қилади. Отаси уни даҳшатли синовдан ўтказади, бу синовдан соғ ва саломат ўтганлиги сабабли унинг гуноҳсизлиги маълум бўлади. Отаси Сиёвушни Эрон қўшинларига бошлиқ қилиб Турон подшоси Афросиёбга қарши жангга юборади. Аммо Афросиёб билан Сиёвуш ўртасида сулҳ шартномаси тузилиб, Афросиёб бу сулҳнинг ишонарли бўлиши эвазига Сиёвуш ҳузурига ўз яқинларидан юз кишини гаров тариқасида юборади. Бу воқеани эшитган Кайковус ғазабланиб гаровга олинганларни дарҳол ўлдиришга ва Афросиёб билан урушни давом эттиришга фармон беради.

Сиёвуш отасининг фармонини бажаришдан бош тортади, ноҳақ ўлимга ҳукм қилинган кишилар билан Афросиёб ҳузурига боради. Афросиёб ўз мулкининг ҳаммасини унга бериш фикрига келади, уни ўз ўғлидек кутиб олиб, ёлғиз қизи Фарангисни никоҳлаб беради. Мазкур вилоят вақтинча берилганлиги туфайли Сиёвуш бу ерда ўзидан бирор ёдгорлик қолдиришни истади. Шундай қилиб у Бухоро Ҳисорини бино қилди. Кўпроқ ўша жойда турадиган бўлди. (Кимлардир) у билан Афросиёб ўртасида ёмон гаплар юргизди ва натижада Афросиёб Сиёвушни ўлдирди».

Муаррих Наршахий ўзидан олдин яшаб ўтган ва замондош тарихчилар маълумотларига таяниб Афросиёб ва Сиёвуш ҳақидаги тарихни ўз китобида, алоҳида фасл сифатида ёритган. Унинг ёзишича, «Сиёвуш ана шу Ҳисор (Арк)нинг шарқий дарвозасидан кираверишда «Дарвозаи Гўриён» деб аталган «Сомонфурушлар» дарвозасининг ичкарисида дафн қилинган. «Шунинг учун Бухоро оташпарастлари ўша жойни азиз тутадилар ва унга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили Наврўз куни қуёш чиқишидан олдин ўша жойда биттадан хўроз сўйган. Бухоро аҳолисини Сиёвушнинг ўлдирилишига бағишлаб айтган марциялари бўлиб, у барча вилоятларда машҳурдир. Куйчилар унга мослаб куй бағишлаганлар ва қўшиқ қилиб айтганлар. Қўшиқчилар уни «оташпарастлар йиғиси» дейдилар. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқдир», — деб ёзади Наршахий.

Фирдавсий «Шоҳнома»да тарихини баён қилган, Муҳаммад Наршахий ўзининг машҳур китобида таърифлаган Сиёвуш тарихий шахс эканлиги бугунги кунда манбалар орқали ўз тасдиғини топган. Сиёвушнинг отаси Эрон подшоси Аҳамонийлар сулоласидан бўлиб, унинг ўғли Сиёвуш ҳам, набираси Сиёвушнинг ягона ўғли Кайҳисрав ҳам афсонавий эмас, балки тарихий шахслардир. Сиёвушнинг ўлимидан кейин унинг ўғли Кайхисрав бобоси Кайковус тарбиясида бўлган.

Кайхисрав эрамиздан аввалги 550-530 йилларда Эронда подшолик қилган. Афросиёбга нисбатан адоват руҳида тарбияланган Кайхисрав Кайковус вафотидан кейин тахтга чиққан. У отасининг хунини олиш учун катта қўшин билан Афросиёб устига бостириб келади. Наршахийнинг ёзишича, Ромтин (Ромитан)ни икки йил қамал қилиб, Афросиёбни енгади. У ўз подшолиги даврида Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Бухоро, Насаф, Кеш ва бошқа ҳудудларни босиб олиб, қудратли давлат барпо этади.

Тарихчи олим Нарзулла Йўлдошев «Ислом даврида мозорпарастлик ва авлиёларга сиғиниш» (1959 йил) китобида Афросиёб ва Сиёвуш тўғрисида ўз изланишларига таяниб шундай ёзади: — «Афросиёбнинг гўри Бухорода Маъбад дарвозаси («Ҳазрати Имом» дарвозаси)да Хожа Имом Абу Хафси Кабир тепалигига туташган катта тепалик устидадир. Яқин вақтларгача бухороликлар IХ асрда яшаган ҳуқуқшунос олим ва авлиё Абу Ҳафси Кабир қабрини зиёрат қилиш билан бирга, муқаддас қадамжо, Бухоро шаҳрини бино қилувчилардан бири сифатида Афросиёб қабрини ҳам зиёрат қилар эдилар.»

Аммо шўролар даврида аниқроғи, ХХ асрнинг 30-40 йилларида йўл ўтказиш баҳонасида Афросиёб дафн этилган тепалик бузиб ташланган. Ҳазрати Имом мозорининг жанубий дарвозаси олдидаги тепаликда Афросиёб қабри бўлган.

Таъкидлаганимиздек, Афросиёб ҳам Сиёвуш каби тарихий шахс эканлиги исботланган. Шу нуқтаи назардан филология фанлари доктори, профессор Х.Дониёровнинг 1991 йилда «Шарқ юлдузи» журналининг 3-сонида эълон қилинган «Афросиёб афсонавийми ёки тарихий шахс?» сарлавҳали мақоласи эътиборга молик. Унда Афросиёбнинг тарихий шахслиги манбалар асосида исботлаб берилган. Туронда ҳукмронлик қилганидан тортиб авлодлари шажарасигача баён этилган.

Биламизки, шарқ халқлари тарихи ва адабиётида воқеаларнинг таъсирчанлигини кучайтириш, тингловчига тезроқ етиб боришига эришиш воситаси сифатида ривояту афсоналардан фойдаланилган. Назаримизда, бу икки тарихий шахснинг афсонага айланиши шу билан ҳам боғлиқ.

Шубҳасиз, Сиёвушнинг қабри Арк тарихининг бир қисмидир. Қўрғоннинг шарқий «Сомонфурушлар дарвозаси» Сиёвушнинг жасади кўмилганидан кейин «Гўриён дарвозаси» деб аталган. Қадимги сўғд ва форс тилида «гўр» қабр деган маънони билдиради. «Гўриён» деган сўз унинг қабри, яъни Сиёвушнинг қабри деган маънони англатади.

Манғит ҳукмдорлари даврида Аркнинг шарқий қисми амир ўрдасига айлантирилгач, «Гўриён дарвозаси» беркитилган. Регистон дарвозаси ягона дарвоза сифатида қолган. Сиёвушнинг қабри шу дарвоза ёнига кўчирилган. Махсус ҳужрада унинг қабрини ясаб туғ кўтарганлар. Одамлар Регистон дарвозасидан кирганда ўнг томондаги махсус зинапоялар орқали юқорига чиқиб, Сиёвуш қабрини зиёрат қилганлар. Зиёратчиларга амир саройи ва унинг ўрдаси орқали ўтган йўл беркитилган.

Кейинги йилларда юртимиз тарихига қизиқиш кучаймоқда. Негаки, истиқлол шарофати билан тарихимизнинг ўқилмаган саҳифаларини ғуборлардан халос этиш имкони туғилди. Энди ёш авлодга, шунингдек, сайёҳларга буюк ўтмишимиз ҳақида ҳикоя қилувчи осори атиқаларимиз тарихини ишончли далилларга таяниб етказиб бериш мавриди келди.

Фикримизча, қадим Туроннинг шонли тарихи сиймолари Афросиёб ва Сиёвуш зиёратгоҳларини ҳам қайта тиклаш керак. Бу хайрли иш халқимиз ўтмишига қизиқувчилар сонининг янада ошишига сабаб бўлади. Ёшларни она – Ватанга меҳру муҳаббат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсад йўлига хизмат қилади.

Қорёғди ЖУМАЕВ,

Бухоро давлат университети доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер