Адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков 70 ёшда

ҲАНГОМАЛАР
Одатда, инсон устозлари сифатида бир неча кишини кўрсатса-да, аслида ҳаёти мобайнида жуда кўп кишилардан ўрганади, ибрат олади. Донишмандлардан бири: “Ўтган ҳар куним — бир сабоқ, учратган ҳар одамим — бир муаллим”, — деб лутф этган экан.
Шайх Саъдий таъбири билан айтганда: “Ҳар гўшадан бир манфаат топдим, ҳар хирмондан бир бошоқ олдим”:
Таматтўъ ба ҳар гўшае ёфтам,
Зи ҳар хирмане хўшае ёфтам.
Шунга ўхшаб, каминанинг ҳам Адҳамбек Алимбековга ҳавас қилган, ундан сабоқ олган жиҳатларим оз эмас. Айтайлик, у кишининг мендан кўра гапга устароқ ва ҳозиржавоброқ эканига тан берганман.
Бу одам аввало ўзининг киришимлилиги, дилкашлиги, ҳазилкашлиги, ҳозиржавоблиги билан ўзи кирган ҳар бир даврага файз улашади, суҳбатдоши кўнглига ҳузур бағишлайди. Давра кўрганлигидан ҳамма ерда байроқни олиб кетади. Лекин маърифатли киши бўлгани учун ҳазиллари одоб-ахлоқ доирасида. Мен бу кишининг сира бепарда ёки бачкана ҳазил-ҳузул қилганини кўрмаганман.
Бу сўзга уста ва самимий, бунинг устига фикр одами бўлган киши билан сира зерикмайсан.
Адҳамбек Алимбековнинг мана шу зарофати ва фасоҳати маҳсули бўлган баъзи сўзлари ва ҳангомаларини ён дафтарларимга битиб қўйган эканман — улардан айримларини ҳамкасблар эътиборига ҳавола қилишни лозим топдим.
“Тирик классик”
Мирпўлат Мирзо бир даврадан эрта тураётган экан:
— Сиз қаёққа шошиласиз? Тирик классикнинг суҳбатидан баҳраманд бўлайлик, — деб киноя қилибди Адҳамбек Алимбеков.
— Э, шунақами? Қолганим бўлсин унда! — дебди Мирпўлат ака.
Ҳозиржавоблик
— Менинг таржимашунос бўлишимга Эргаш Очилов сабабчи бўлганлар, — деб Нилуфар Хўжаева каминани эътироф этган эди, Адҳамбек Алимбековга қараб ҳазиллашдим:
— Кўрдингизми, бу ерда Американи кашф этганлар ўтирибди!
— Колумбда бор аламим менинг! — деди у ҳам ўз навбатида ҳозиржавоблик ҳам.
Қолипдаги гаплар
— Мен ўттиз йилдан буён Шарқшунослик университетида дарс бераман. — дейди Адҳамбек ака. — Магистрлик диссертациялари ва битирув-малакавий ишлари ҳимоясида ҳамиша ишларда услубий ғализликлар ва имло хатолари борлиги таъкидланади. Лекин улар ҳеч қачон тузатилмайди.
Маслаҳат
— Ўғлимга бир қиз топсак, бўйи ундан беш сантиметр баланд экан, — десам, Адҳамбек ака:
— Уйланавермайдими — аёл туққач чўкади-ку, — деди.
Бир жуфт қўшиқ
Баҳор Холбекова анжуманларда кўпинча маъруза сўнгида қўшиқ айтиб беради. Шунга ишора қилиб, Адҳамбек Алимбеков айтди:
— Сиз бундан кейин анжуманларга борсангиз, бир жуфт қўшиб айтиб келаверинг!
Муаммолар
Адҳамбек Алимбеков таржима ва таржимашунослик олдида турган муаммолар ҳақида гапирар экан:
— Майли, гапираверайлик, бир кун бўлмаса, бир куни амалга ошиб қолар... — деди.
Илтифот
Эшикни очиқ қўйиб дарс ўтаётган эдим. Адҳамбек Алимбеков ўтиб қолди. Чиқиб сўрашдим:
— Дарс сиздан азиз бўлибдими? Бир сўрашиб қўяйлик, ака!
— Э раҳмат-е! — деди у киши хурсанд бўлиб. — Сизнинг ўрнингизда бошқа бўлганда дарс ўтаяпман деб ҳатто саломимга алик олмасди.
Вақт ғанимат
— Сиз сира Ёзувчилар уюшмасида ўтказиладиган мажлисларда қатнашмайсиз-а? — деган Адҳамбек Алимбековга:
— Чунки менинг мажлисларда совурадиган ортиқча вақтим йўқ, — деб жавоб қилдим.
Антиқа муқаддима
Шарқшунослик институтидаги Чингиз Айтматовга бағишланган анжуманда Адҳамбек Алимбеков сўзини:
— Аввало, шунча ақлли гапларни ҳазм қилаётганларингиз учун ҳорманглар! — деб бошлади.
Эргаш ОЧИЛОВ,
ЎзР Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклори институти катта илмий ходими,
филология фанлари номзоди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
- Сардобанинг сири нимада?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг