Исроил Ғарбий Соҳилда назоратни кучайтириш бўйича янги чораларни маъқуллади
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг Вашингтонга ташрифи арафасида мамлакат ҳукумати босиб олинган Ғарбий Соҳил устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қатор кенг кўламли қарорларни қабул қилди.
Якшанба куни хавфсизлик кабинети ижро ваколатларини кенгайтириш ҳамда давлатга аҳоли пунктларини кенгайтириш мақсадида ер сотиб олиш имконини берадиган чораларни маъқуллади. Молия вазири Бецалель Смотричнинг таъкидлашича, мазкур қарорлар Ғарбий Соҳилдаги ҳуқуқий ва фуқаролик муҳитини тубдан ўзгартиришга қаратилган.
Қабул қилинган қарорлар Осло келишувларига мувофиқ Фаластин маъмурий назорати остидаги А ва Б ҳудудларида Исроил ижро ваколатларини кенгайтиришни ҳам назарда тутади. Ушбу ҳудудлар Ғарбий Соҳилнинг тахминан 40 фоизини ташкил этади.
Шунингдек, Ерларни сотиб олиш қўмитасини қайта ишга тушириш режалаштирилган. Бу давлатга аҳоли пунктларини кенгайтириш учун Ғарбий Соҳилда ерларни фаол тарзда харид қилиш имконини беради. Яна бир қарорга кўра, Хеврон шаҳридаги айрим яҳудий аҳоли гуруҳларига қурилиш ва шаҳарсозлик ваколатлари тақдим этилади. Бу эса Хеврон Фаластин муниципалитети билан келишмасдан ҳудудни кенгайтириш имконини яратиши мумкин.
Фаластин маъмурияти мазкур чораларни қоралаб, уларни Фаластин халқи ҳуқуқларига қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.
Маълумки, Исроил 1967 йилги уруш давомида Ғарбий Соҳилни эгаллаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми мазкур ҳудудни босиб олинган деб ҳисоблайди ва у ердаги аҳоли пунктларини халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонуний, деб баҳолайди.
АҚШ расмийлари эса Исроилнинг босиб олинган ҳудудни аннексия қилишини қўллаб-қувватламасликларини билдирган. Дональд Трамп октябрь ойида «TIME» журналига берган интервьюсида Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга қарши эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, Трамп маъмуриятининг Ғазо бўйича таклиф этилган сулҳ режасида Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлатчилик масалалари тилга олинган.
Исроилдаги «Peace Now» ташкилоти эса ҳукумат қарорларини танқид қилиб, бу қадамлар халқаро келишувлар ва минтақадаги барқарорликка зид эканини қайд этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг