Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофоти ўз эгаларига топширилди

14:33 07 Ноябрь 2025 Жамият
212 0

Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотини топшириш маросими ўтказилди.

Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон ташаббус билан ташкил этилган мазкур мукофот бу йил илк бор тақдим этилмоқда.

Тантанали маросимда Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотига сазовор бўлган олимлар номи эълон қилинди.

Биринчи Беруний мукофоти Бразилиянинг Минас Гераис федерал университети (UFMG) компьютер технологиялари бўйича фахрий профессори Виргилио Аугусто Фернандес де Алмеидага берилди. У сунъий интеллектга ахлоқий, инклюзив ва инсонга йўналтирилган ёндашувларни илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу мукофот билан тақдирланди.

Беруний номидаги иккинчи мукофот инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис, профессор Сюзан Перри ва информатика бўйича мутахассис Клаудия Родага берилди. Улар ёшларга йўналтирилган ва олдиндан кўра оладиган сунъий интеллект этикаси бўйича тадқиқотлари, таълим ва ижтимоий интеграцияни бирлаштирган инновацион ишлари учун биргаликда ушбу мукофотга сазовор бўлишди.

Учинчи Беруний мукофоти Хитойнинг Цинхуа университети қошидаги халқаро сунъий интеллектни бошқариш институти (олим – Лан Сюэ, Чжен Лян ва Цян Сяо)га берилди. Мазкур институт академик мукаммалликни сиёсий таъсир билан уйғунлаштирган ҳолда сунъий интеллект бўйича ахлоқий тадқиқотларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун мукофотга лойиқ кўрилди.

Учала совриндорларга ҳам 30 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, Беруний медали ва сертификатлар топширилди.

Маросимда сўзга чиққан ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова мазкур мукофот улуғ аллома ва олим Абу Райҳон Берунийнинг муносиб издошлари, илм-фан соҳаси вакилларини рағбатлантириш ва сунъий интеллектнинг ахлоқий ривожланиши ва фойдаланилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

— Мен аввало, ушбу мукофотни таъсис этишда ташаббускор бўлган Ўзбекистон ҳукуматига ва Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман, — деди Одри Азуле. — Буюк ўзбек олими, дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний номи билан аталган мукофот мен ЮНЕСКО Бош директори сифатида топшираётган энг сўнгги мукофот ҳисобланади ва айни чоғда уни илк бор топшираётганимдан ҳам фахрланаман. Биз сунъий интеллект, замонавий технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келаётган бир даврда унинг ахлоқий томонларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз зарур ва бу мукофот ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бораётган, фанда янгилик яратган олимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган. Беруний мукофоти сунъий идрок этикаси бўйича амалга оширилган энг яхши учта илмий тадқиқот учун ҳар икки йилда тақдим этилади.

Маросимдан сўнг Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО — Ўзбекистон халқаро мукофотининг илк совриндорлари иштирокида сунъий интеллектда ахлоқий қарашлар бўйича давра суҳбати ўтказилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?