“Абдуллахон” мадрасаси деворининг бир қисми ўпирилиб тушди

11:34 03 Август 2021 Маданият
435 0

Ижтимоий тармоқларда "Абдуллахон" мадрасасининг девори ўпирилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маданий мерос агентлигининг Бухоро вилояти бошқармаси Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди: 

Ҳақиқатдан ҳам, кўп йиллик техноген жараёнлар (иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши) таъсирида жорий йилнинг 30 июль куни “Абдуллахон” мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган. 

Бу ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилди. Шунга кўра, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинди ва “Абдуллахон” мадрасасининг орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди.

Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40 та маданий мерос объектини умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахасислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида Ҳукуматга аниқ таклифлар юборилди.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?