Олимлар 40 минг йил давомида яшириниб келган капалак турини фанга фош этишди

Канаданинг Алберта ҳудудидаги Уотертон Лейкс миллий боғида олимлар «Satyrium curiosolus» номли янги капалак турини кашф этдилар. Узоқ йиллардан бери «Half-moon Hairstreak» тури деб нотўғри таснифланган бу капалак аслида ўзига хос генетик ва экологик хусусиятларга эга алоҳида турнинг вакили бўлиб чиқди. Илмий тадқиқотлар натижасида аниқланишича, бу капалак тури тахминан 40 минг йил аввал ўз яқин қариндошларидан ажралган ва шундан бери мустақил ривожланиб келади.
«ZooKeys» журналида чоп этилган янги мақолада «Satyrium curiosolus»нинг генетик таҳлили унинг ниҳоятда паст генетик хилма-хилликка эга эканини ва тарихий инбреединг (яқин қариндошликда кўпайиш) даражаси жуда юқори бўлганини кўрсатди. Тадқиқотчилар ушбу ҳолатни капалакнинг узоқ муддатли ажралган ҳаёт тарзи билан изоҳлашмоқда. Шунга қарамай, у кичик ва изоляцияланган популяция сифатида минг йиллар давомида омон қолишга муваффақ бўлган.
Янги турнинг аниқланиши биологик хилма-хилликни тушунишда катта аҳамиятга эга. Аммо узоқ муддатли изоляция натижасида пайдо бўлган паст генетик хилма-хиллик бу тур келажакда иқлим ўзгаришига мослашишини қийинлаштиради. Мутахассислар ушбу ҳолатни енгиллаштириш учун янги популяцияларни яратиш, узоқ муддатли мониторингни кучайтириш каби махсус консервация стратегияларини ишлаб чиқишни тавсия этишяпти.
Келажакда «Satyrium curiosolus» эволюцияси, унинг мезбон ўсимликлар ва чумолилар билан ўзаро алоқалари, иқлим ўзгаришига жавоби каби жиҳатларни чуқурроқ ўрганиш зарур бўлади. Уотертон Лейкс миллий боғи ва «Calgary Zoo» каби муассасалар томонидан олиб бориладиган узоқ муддатли кузатувлар капалакнинг сақланиб қолишига хизмат қилади. Олимлар бу кашфиётни нафақат экологик, балки илмий жиҳатдан ҳам муҳим ҳодиса сифатида баҳолаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг