2025 йилнинг январь-июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори қанча бўлган?

11:12 25 Июль 2025 Иқтисодиёт
239 0

Миллий статистика қўмитаси 2025 йилнинг январь-июнь ойлари учун ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдори тўғрисидаги маълумотларни очиқлади.

Маълум қилинишича, республика бўйлаб 2025 йилнинг январь-июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 5 миллион 982,3 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,2 фоизга ўсган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақлари Тошкент шаҳрида 10 миллион 138,4 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,8 фоизга ўсганлиги кузатилган.

Шунингдек, ушбу кўрсаткич Сирдарё вилоятида 4 миллион 789,8 минг сўмни, Жиззах вилоятида 4 миллион 476,8 минг сўмни, Фарғона вилоятида 4 миллион 443,8 минг сўмни, Наманган вилоятида 4 миллион 350,1 минг сўмни ҳамда Сурхондарё вилоятида 4 миллион 256,5 минг сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Андижон вилоятида 4 миллион 935,3 минг сўмни, Навоий вилоятида 7 миллион 486,4 минг сўмни, Қорақалпоғистон Республикасида 4 миллион 757,2 минг сўмни, Қашқадарё вилоятида 4 миллион 148,3 минг сўмни, Бухоро вилоятида 4 миллион 787,3 минг сўмни, Тошкент вилоятида 5 миллион 674,4 минг сўмни, Хоразм вилоятида 4 миллион 720,1 минг сўмни ва Самарқанд вилоятида 4 миллион 435,4 минг сўмни ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ кузатилган.

Маълумот учун, номинал ҳисобланган иш ҳақи – маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?