2025 йилдаги Ўзбекистоннинг энг яхши нотариуси аниқланди

20:44 05 Декабрь 2025 Жамият
216 0

Ўзбекистон Нотариал палатаси тизимида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида “Йилнинг энг яхши нотариуси” танлови ўтказилди.

Ушбу танлов олти йилдан бери нотариусларнинг касбий маданияти ва билимини ошириш, байрам арафасида фаол ва билимли нотариусларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.

“Йилнинг энг яхши нотариуси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари жойларда жорий йилнинг 15 – 25 ноябрь кунлари ўтказилиб, унда республика босқичи иштирокчилари аниқлаб олинди.

Танлов иштирокчилари – нотариуслар томонидан якуний босқичнинг 1-шартига кўра танлов ҳайъатига ўз фаолиятлари ҳақида 3 дақиқалик видеороликлар тақдим этилди. Иккинчи шарти Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, нотариусларнинг жавоб беришда ҳозиржавоблиги, жавобларнинг қисқа ва лўнда эканлигига эътибор қаратилди.

Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳатамов, Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Фарингиз Юсупова, Палата раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг холис ва шаффоф ўтишига эътибор қаратдилар.

Якунда Бухоро шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Дурдона Тўраева биринчи, Хоразм вилояти Боғот туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ғанишер Маҳмудов иккинчи, Андижон вилояти Андижон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Исроилжон Абдураҳмонов учинчи ўринга муносиб деб топилдилар. Биринчи ва иккинчи ўринлар соҳиблари чет элга стажировкага йўлланмаларни қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин эгаси телевизор билан тақдирланди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Палата раиси Дилшод Ашуров сўзга чиқиб фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган, меъёрий ҳужжатларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириб бориш, нотариат соҳасида Ўзбекистон амалиётини хорижга олиб чиқиш орқали мамлакат нуфузи яхшиланишига ҳисса қўшиш Палатанинг ўз олдига қўйган асосий мақсади эканини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?