2024 йилда сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилиши билан боғлиқ 1,6 мингта ҳолат аниқланган

13:08 26 Май 2025 Сиёсат
165 0

Иллюстратив фото

2024 йилда сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилиши билан боғлиқ 1,6 минг та ҳолат аниқланган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд этилишича, аҳоли сони ўсиши, урбанизация жараёни қурилиш материалларига бўлган талабни оширмоқда.

Йил бошидан пудрат ишлари 10,3 фоизга ўсди. Лекин омборларда катта ҳажмда керамик плита, гипсокартон, ойна, базальт момиғи йиғилиб қолган. Ваҳоланки, йилига 225 миллион долларлик худди шундай товарлар импорт бўлмоқда.

Эндиликда девелоперларга айланма маблағ учун кредит ажратишда маҳаллий қурилиш материалига устуворлик берадиган тизим жорий қилинади.

Ўтган йили Қурилиш инспекцияси ўтказган ўрганишларда 1 минг 600 та ҳолатда сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилгани аниқланган.

Шу муносабат билан «Шаффоф қурилиш» платформасида қурилиш материаллари корхоналари ва уларнинг маҳсулотлари реестри шакллантирилади. Маҳсулотлар сифати рейтинги юритилади ва ҳар чоракда янгилаб борилади.

Қурилишда янги турдаги, энергия тежамкор материаллар пайдо бўлмоқда. Лекин кўплаб маҳсулотларнинг стандарти йўқлиги, борлари ҳам халқаро талабларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга йил якунигача 68 та халқаро стандартни қабул қилиш топширилди.

Йиғилиш давомида соҳа ва ҳудуд раҳбарларининг ахбороти, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?