2024 йилда илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади — Ақшагул Тулегенова

17:04 29 Январь 2024 Жамият
118 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенованинг Навоий Давлат педагогика институтида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этишиб, талаба-ёшларга тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шароит ва имтиёзлар, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

— Жорий йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун имкониятлар янада кучайтирилади, — деди Ақшагул Тулегенова. — Илм-фан, инновация, IT каби соҳалар, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш, хотин-қизлар ва нуронийлар, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Учрашувда қонун ижодкорлиги, жамиятни янада демократлаштириш ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда омма фаоллигини ошириш ҳам асосий мавзулардан бири бўлди. Таъкидландики, 2023 йилда юртимизда “Инсон қадрини улуғлаш” ғояси асосида улкан ўзгаришлар рўй берди. Барча соҳаларни жадал ривожлантириш, бу борада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, якунланган йилда Қонунчилик палатаси томонидан 100 та қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди. 20 марта ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларининг ахбороти эшитилган бўлса, мансабдор шахсларга 15 та парламент сўрови, 134 та депутат сўрови юборилган.

Тадбирда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, бунинг учун барча имкониятлардан фойдаланиш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?