2021 йилги Давлат бюджет лойиҳаси: Фракциялар қатъий позиция ва таклифларни илгари суришди

18:32 24 Ноябрь 2020 Сиёсат
275 0

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Давлат бюджет лойиҳасига фракциялар ҳам ўз муносабатларини билдиришди.

Актам ҲАИТОВ, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари:

— Бизнинг фикримизча, 2021 йилги Бюджетнома лойиҳасида ўз аксини топган параметрларнинг тўлақонли бажарилиши нафақат иқтисодиётимиз, балки жамиятимиз ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бериши учун муҳим замин яратади. Шу боисдан, бюджет лойиҳасида кўзда тутилган ушбу кўрсаткичларнинг марказда ва жойларда тўлақонли бажарилишидан вазирлик ва идоралар билан бир қаторда, биз, депутатлар ҳам бирдек манфаатдормиз ва бунинг учун масъулмиз.

Биз ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши, инвестиция лойиҳаларининг, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши устидан парламент назоратини янада кучайтиришни энг муҳим вазифамиз, деб биламиз. Ўз навбатида, қонун лойиҳасини кейинги ўқишларда янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни билдирдик.

Қайд этиш жоиз, сайловчилар томонидан ўз ҳудудларидаги айрим ижтимоий объектлар йиллар давомида инвестиция дастурига кирмаётгани тўғрисида кўплаб мурожаатлар бўлади. Шундан келиб чиқиб ҳамда парламент назоратини янада кучайтириш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан режалаштирилаётган Инвестиция дастурларини объектлар кесимида қонун лойиҳасининг иловаларида акс эттириш тавсия этилди.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини, ҳудудларнинг иқтисодий ўқув нуқталари бўлган соҳаларни қўллаб-қувватлашни молиялаштиришни тўлиқ ва муддатли амалга ошириш лозим. Айниқса, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кластерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Бу борада кредит ресурсларининг мақсадли ажратилиши орқали уларни қўллаб-қувватлаш, қонунчиликда белгиланган субсидияларнинг ажратилиши алоҳида назоратга олиниши кераклиги сўралди.

Умуман айтганда, бюджетни қонун кўринишида қабул қилиш, бюджетлараро муносабатларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш — бугунги куннинг энг муҳим талаби. Шу жиҳатдан, бюджетдан ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлаш, айниқса, бу борадаги маълумотларни халққа очиқ-ошкора етказиш давлат идоралари олдидаги асосий вазифалардан бирига айланиши лозим.

Алишер ҚОДИРОВ, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси раҳбари:

— 2021 йилнинг бюджетини жуда оптимистик руҳда кўриб чиқдик. Имкониятлар ва хоҳишлар мувозанатига эришиш учун жиддий ишланган.

Партия ўзининг «Инсонни ўзгартира олмасак жамиятимизни ўзгартира олмаймиз» деган бош ғоясидан келиб чиқиб 2021 йилда айрим масалаларга эътиборни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди.

Биринчидан, давлат-хусусий шерикчилик асосида барча мактабларда ошхоналар фаолияти йўлга қўйилиши зарур.

Кам даромадли иш эканлигидан келиб чиқиб, мактаб ошхоналарини юритадиган тадбиркорларга имтиёзлар кўзда тутилиши муҳим. Қўшниларимиз 1-5 синфларга бепул тушлик беришни йўлга қўйишди. Биз ҳам ўйлаб кўрсак ёмон бўлмас эди.

Иккинчидан, мактабгача таълим соҳасида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Дастур асосида, боғча ёшидаги болаларнинг 60 фоизини қамраб олиш топшириғини таъминлаш устида ҳам саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу жуда яхши, лекин замонавий муассаса бўлсаю, мазмуни бўлмаса мақсадимизга эриша олмаймиз.

Бугун боғчаларда болаларнинг пойдеворини шакллантираётган педагогларнинг 20 фоизга яқини олий маълумотли, холос. Улар ҳам 1—1,2 млн.сўм атрофида маош олишмоқда. Муаммоларга тўла тарбиячини болага меҳр кўрсатишига ишониш қийин. Боғчада бола агрессив муносабат кўрди, дегани 10-15 йилдан кейин жамиятда агрессив кайфият кафолатланади, дегани. Президентимиз томонидан бекорга мактабгача таълимга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Чунки бу давр пойдевор давр. Пойдевор мустаҳкам бўлмаса унинг устига қурилган бино мустаҳкам бўлмайди.

Мактабгача таълим тизимини профессионал педагоглар билан таъминлаш ва уларнинг қадрини кўтариш масаласини жиддий ўйлашимиз керак.

Муҳокамаларда яна бир таклифни илгари сурдик. Чунончи, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган «Эл-юрт умиди» фонди мамлакатимизга қисқа муддатларда савияли кадрларни етказиб бериши керак. Бу фондни етарлича молиялаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Зуҳра ИБРАГИМОВА, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз депутатлари Бюджетнома лойиҳасини қабул қилишда бир қатор йўналишларга эътиборни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Чунончи, жойларда бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, қонун бузилишларини олдини олиш мақсадида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан манбаси аниқ бўлмаган тадбирларни ва параллель лойиҳалаштириш, тендер савдоларини ўтказмасдан туриб, қурилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштиришни чеклашни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқ.

Бугун қайд этиш керак, тиббиётнинг бирламчи бўғинига катта эътибор қаратилаётир. Бу бежиз эмас. Чунки айнан ушбу тизим ривожланса, бутун соғлиқни сақлаш тизимида юксалиш бўлади. Шу боис, Давлат бюджетида бирламчи тиббиёт муассасаларига ажратилаётган маблағларни умумий тарзда эмас, балки аниқ йўналишлар асосида белгилаш ва ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш айни муддао.

Бундан ташқари, бюджетдан маблағ олувчиларнинг ҳисобдорлигини ошириш ва бу борада янада шаффоф тизим яратиш мақсадида бюджетдан маблағ олувчиларнинг расмий веб-сайтларида уларнинг молиявий ҳисоботларини жойлаштириб бориш тўғрисидаги талабга бугунги кунда етарли эътибор қаратилмаяпти. Ваҳоланки, барча бюджет ташкилотларининг ушбу талабга тўлиқ риоя қилинишига эришиш жуда муҳимдир. Чунки бу келажакда бюджет интизомини мустаҳкамлашга, бюджет маблағларининг сарфланиши борасидаги шаффофликни таъминлашга, коррупциянинг олдини олишга, қолаверса, бюджет ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Улуғбек ИНОЯТОВ, ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш 2021 йилда Давлат бюджетининг асосий йўналишлари сифатида белгиланмоқда. Айниқса, бюджет харажатларида чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш харажатларини кўпайтириш, умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг синф раҳбарлиги учун устама тўловларини 1,5 баробарга ошириш, соғлиқни сақлаш тизимида коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш учун маблағлар ажратилаётганини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.

2021 йил учун мўлжалланган пандемиядан кейинги тикланиш даврида Давлат бюджети лойиҳасининг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олиб, фракциямиз аъзолари бюджет лойиҳасига бир қатор йўналишларда таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Чунончи, бюджет ижроси бўйича назоратнинг янги механизмларини жорий этиш, бюджет ижроси ҳақидаги ахборот ва маълумотлар соҳа ҳамда тармоқлар даражасида очиқ бўлиши, бунинг учун жамоатчилик назоратига шароит яратиш зарур.

Шунингдек, Бюджет ижросида камомад ва самарасиз харажатларини олдини олишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида «Давлат молиявий назорати тўғриси»даги қонунни қабул қилиш лозим. Бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган эди.

Бундан ташқари, фракциямиз халқ таълими тизимидаги муассасаларни жиҳозлаш учун бюджет лойиҳасида кўзда тутилган маблағни 2 баробарга оширишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Айни чоғда умумтаълим муассасалари ходимларини рағбатлантириш бўйича директор жамғармасига келгуси йил учун ажратилиши кўзда тутилаётган маблағларнинг таҳлилига эътиборни қаратиш бўйича таклифларимизни билдирдик.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:

— Муҳокамадаги қонун лойиҳасида пандемия шароитида 2021 йилда бюджет сиёсатини такомиллаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар турмуш даражасини ошириш, аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашда шаффоф ва манзилли тизимни яратиш, иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг инфляцияга таъсирини баҳолаш асосида табақалаштирилган ҳолда ошириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларни давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Ўз навбатида, лойиҳада белгилаб берилган 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2022 — 2023 йилларга бюджет мўлжаллари юзасидан фракциямиз томонидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, Давлат бюджети умумий харажатларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига ажратилаётган маблағлар улушини янада ошириш чораларни кўриш ҳамда ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича парламент ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ҳудудларда канализация тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ. «Инсонлар учун шаҳар» ва «яшил шаҳар» моделларининг элементларини қўллаган ҳолда ҳудудларни ободонлаштиришни амалга ошириш, «яшил иқтисодиёт»га ўтиш мақсадларига эришиш учун инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, сувни тежайдиган, замонавий инновацион технологияларни кенг жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш ҳам айни заруратдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?