200 кВт·соат лимит оширилмайди — Энергетика вазирлиги

14:44 09 Июль 2024 Сиёсат
383 0

Фото: Энергетика вазирлиги

2024 йил 1 майдан жорий қилинган электр энергияси истеъмолининг 200 кВт·соат ойлик базавий меъёри аҳолининг эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатни ўрганиб чиққан Энергетика вазирлиги расмий баёнот билдириб, яқин истиқболда истеъмолчиларга қўлланилаётган ойлик 200 кВт·соатгача бўлган базавий меъёр миқдори оширилишига асос мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Вазирлик ўрганишларига асосланиб қуйидагиларни маълум қилган:

1) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарори билан жорий йил 1 майдан бошлаб, маиший истеъмолчиларга электр энергияси учун бир ойлик истеъмолнинг «базавий меъёрлари» тасдиқланган.

2) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан амалга оширилган таҳлилларга кўра, 2024 йилда республика аҳолиси томонидан жами 21,2 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилиниши режалаштирилган. Шундан, йил давомида ўртача ойлик истеъмоли 200 кВт·соатгача бўлган истеъмолчилар жами абонентларнинг 60 фоизини ташкил этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда электр энергияси истеъмоли йил давомида кескин ўзгармаслигини инобатга олиб, йил давомида бир хил базавий меъёр жорий қилинган.

Шунингдек, вазирликнинг билдиришича, ҳозирги вақтда 1 кВт·соат электр энергиясининг таннархи 895 сўмни (ҚҚС билан 1 002 сўмни) ташкил этади. Аҳолига етказиб берилаётган ҳар бир кВт·соат электр энергия учун базавий меъёр доирасида 552,4 сўм, 201 кВтдан 1000 кВт·соатгача эса 102,1 сўм давлат томонидан ҳар бир истеъмолчига қоплаб берилмоқда.

Қайд этилишича, 1 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш харажатлари 741,93 сўмни, транспортировка харажати 57,8 сўмни, тақсимлаш ва сотиш харажатлари 202,4 сўмни ташкил этади. Бунда, давлат 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилган аҳоли (истеъмолчиларнинг 71 фоизи) учун 447,0 миллиард сўм, 201-1 000 кВтгача электр энергияси истеъмол учун 30,2 миллиард сўм қоплаб бермоқда.

«Таҳлилларга кўра, жорий йил июнь ойида 71 фоиз аҳоли 200 кВтгача электр энергияси истеъмол қилганлиги аниқланди. Бундан кўринадики, истеъмолчиларнинг 71 фоизи белгиланган лимит доирасидан чиқмаган», дейилади хабарда.

«Халқимизни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш бош мақсадимиз ҳисобланади», дейилади вазирлик баёнотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер