1 апрелдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Фото: Иллюстратив сурат
Жорий йил 1 апрелдан қонунчиликда қатор ўзгаришлар кутилмоқда. Хусусан:
1. Паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.
2. Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
3. Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади.
Дастур доирасида:
— жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
4. Хўжалик жамиятларининг иштирокчиси (акциядори) ва кредиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
— МЧЖ устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати БҲМнинг 10 минг бараваридан кўп бўлган пульсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
— юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
— хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.
5. Қонунчиликка кўра:
— 1 йилда бир маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган (6 млн сўмгача) қисми қоплаб берилади;
— даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлар учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
5. Қонунчиликка кўра:
— давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди;
— юқори қўшилган қийматли мис маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорга сотиш билан боғлиқ харажатларини экспорт қийматининг 6 фоизигача қоплаш тартиби бекор қилинади.
6. Қонунчиликка кўра, ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
7. Қонунчиликка кўра:
— профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
— профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
8. Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
— янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади;
— давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.
9. Қонунчиликка кўра:
— ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгиланади;
— ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси БҲМнинг 200 баравари миқдорида белгиланади.
10. Тадбиркорлар янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ҳисобланган суммани қуйидаги пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди:
— 3 қаватли бинога – 0,9;
— 4 қаватли бинога – 0,8;
— 5 қаватли бинога – 0,7;
— 6 қаватли бинога – 0,6;
— 7 ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5.
Бундан республиканинг шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида жойлашган бинолар мустасно.
11. Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
— ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини;
— қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини;
— юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти қўшма корхоналарни ишга туширди ва Хитой ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашди
- “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
- “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммити. Иккинчи кундан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи самарали бўлди
- Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида 20 май куни қисқа муддатли ёмғир ёғади
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг