Ҳиндистоннинг Махараштра штати юртимиз бозорларини манго ва банан билан таъминлайди
Фото: “Халқ сўзи”
Шу кунларда Ҳиндистоннинг Махараштра штати делегацияси мамлакатимизда мехмон бўлиб турибди. Делегация аъзолари Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан бирга мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ҳиндистонлик ишбилармонлар билан учрашувлар ўтказишди.
Делегация аъзолари пойтахтимизда манго ва банан байрамини ўтказишди. Унда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Махараштра штати қишлоқ хўжалиги маркетинги ташкилоти, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси вакиллари иштирок этишди. Анжуманда таъкидланганидек, Махараштра штати Ҳиндистонда етиштириладиган мева-сабзавотнинг 75 фоизини таъминлайди. Айниқса, манго ва банан маҳсулотлари штат экспортида муҳим ўрин тутади. Яқин пайтгача Махараштра манго ва банан маҳсулотларини АҚШ, Европа Иттифоқи, Автралия, Янги Зеландия, Британия, Япония ва бошқа мамлакатларга экспорт қилган бўлса, энди улар сафидан Ўзбекистон ҳам ўрин олмоқда.
— Ҳиндистон Ўзбекистонга банан, манго, соя ва гуруч экспорт қилишга рухсат олди, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар эса Ҳиндистон бозорига узум, олхўри ва гилос етказиб бера олади, — дейди Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат. — Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун кенг имкониятлар яратилгани боис ҳозирда 1200 дан зиёд ҳиндистонлик тадбиркор мамлакатингизда турли йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйган. 2022 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 700 миллион долларни ташкил этган бўлса, манго ва банан маҳсулотлари экспортига рухсат берилиши билан бу рақам 1 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
Тадбир давомида Махараштра штати қишлоқ хўжалиги маркетинги ташкилоти раҳбари Дипак Шинде бошчилигидаги делегация аъзолари манго ва банан маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этишди.
Ҳиндистоннинг ғарбий дарвозаси номи билан танилган Мумбай (Бомбей) штатнинг пойтахти саналади. Мамлакатнинг учинчи йирик штати —Махараштра Ҳиндистоннинг иқтисодий етакчиси саналади. Мумбайда йирик ҳинд банкларининг қароргоҳи, суғурта ва молиявий компаниялар, дунёга машҳур Болливуд киностудиялари жойлашган.
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дам олиш кунлари учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Ҳукумат ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Вазирлар Маҳкамаси фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун қандай чора кўрилади?
- Президент энергия таъминоти бўйича бажарилган ишлар ва режаларни кўриб чиқди
- Арк қўрғонидан қабр тоши бўлаги топилди
- Табиатнинг дўсти кўп, душмани-чи?
- Президентнинг Олий Мажлис Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг