Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг Олтиариқдаги 800дан ортиқ ишчи-ходимга эга корхонаси ёпиладими?!
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖнинг Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш ходимлари томонидан ушбу корхона ўз фаолиятини тўхтатиши билан боғлиқ мурожаатлар кенг тарқалмоқда.
Олтиариқдаги корхона бир асрдан зиёд тарихга эга бўлиб, у Фарғона водийсидаги илк саноат корхоналари сирасига киради. Корхонанинг ярим тайёр бензин ва енгил дизель маҳсулотлари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚЗ) объектларига ташилиб, қўшимча қайта ишланади. Бу каби сарф-харажатлар маҳсулот таннархининг ошиб кетишига олиб келмоқда.
Хўш, ҳақиқатан ҳам, 800 нафардан зиёд ишчи-хизматчиси бўлган Олтиариқдаги корхона ўз фаолиятини тўхтатадими?!
ФНҚЗ директори ўринбосари Б. Мўминовнинг маълум қилишича, завод Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, “Jizzakh Petroleum” МЧЖ қўшма корхонасига ишончли бошқарувга берилган. Хом ашё йўқлиги учун Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунга қарамай корхонанинг штат бирликлари сақланиб қолиб, иш ҳақи ва жамоа шартномасига асосан барча имтиёзлар тўлиқ берилиши таъминланмоқда.
2020 йил давомида Олтиариқдаги корхонада ишчи-ходимларига 39 млрд. 428 млн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар амалга оширилди. Шунингдек, корхона ишламаган 2020 йилнинг апрель-декабрь ойлари учун 26 млрд. 501 млн. сўмлик тўловлар тўлаб берилди.
2021 йилда хомашё етишмаслиги сабабли Олтиариқда ишловчи 67 нафар ходимлар ФНҚЗнинг 32-таъмирлаш-қурилиш монтаж ҳамда 13-автотранспорт цехларига ўтказилди.
2021 йилнинг март ойидан айрим ходимлар гуруҳи учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 89-моддасига кўра, меҳнат шартларини ўзгартириш, иш вақти ва унга мутаносиб равишда иш ҳақини қисқартириш режалаштирилган. Бу чора вақтинчалик бўлиб, иш ҳажми ортиши билан яна тўлиқ иш режимига қайтиш кўзда тутилмоқда. Ушбу масала ўтган йилнинг декабрь ойида Олтиариқда ва ФНҚЗда ишчи гуруҳи билан муҳокама қилиниб, 1 млн. сўмлик иш ҳақи ва ойига икки маротабадан кам бўлмаган ишга чиқиш шартлари билан ишчи-ходимлар томонидан маъқулланган.
2020-2023 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш дастури доирасида ФНҚЗда нефтни қайта ишлашнинг истиқболи йўналишлари аниқланиб, 5 та янги технологик объект қурилиши ва 7 та ишлаб чиқариш объектларини реконструкция қилиш белгиланган. Бу дастурни амалга ошириш орқали углеводородларни қайта ишлаш имконияти кенгайишига эришилади. 2023 йилдан бошлаб юз фоиз «Евро-5» сифатидаги ёқилғилар, халқаро API стандартлари талабига жавоб берадиган мой маҳсулотлари ишлаб ишлаб чиқариш жорий этилади.
Б. Мадиёров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг