Оилавий поликлиникалар негизида тезкор реанимацион гуруҳлар тузиш керак

21:34 20 Июль 2020 Сиёсат
1238 0

Сўнгги кунларда айрим ҳудудларда коронавирус билан касалланиш ҳолати аҳоли орасида кескин ўсиб бораётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимини касалликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактика ва патронаж ишларига етарли даражада улгурмаяпти, деб баҳолашга асос бўлади.

Чунки айрим оилавий поликлиникалар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари аҳоли яшаш пунктларидан олис манзилда жойлашган. Натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда, касалликларнинг олдини олишда, минг афсуски, кечикиш ҳолатларини юзага келмоқда.

Фикримча, ҳозирги кундаги вазиятдан келиб чиқиб, 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга асосан фаолияти тугатилган 658 та ҚВПлар ҳамда ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган барча ҚВПлар ва оилавий поликлиникалар негизида тезкор реанимацион гуруҳлар тузиш зарур. Улар ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳолат билан ҳар куни танишиб чиқиши, керак бўлса, тест олиш учун мутахассисларни тайёрлаш тизимларини йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Айниқса, фертиль ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимоясига муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, сурункали касалликка чалинганлар ўртасида патронаж ишларини мунтазам олиб боришни ташкил этиш зарур. Бу – бугуннинг талаби.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳудудлардаги бошқармалар вазият бундан-да мураккаблашмасдан туриб, барча зарурий чораларни кўришига умид қиламиз.

Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер