Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Дўрмон» қўрғонида Абдулла Орипов уй-музейининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Уй-музейи ташкил этиш анъанасининг тарихи бир неча ўн йилликларга бориб тақалади. Ҳозирги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўнлаб атоқли адиб ва зиёлиларимиз яшаган хонадонлар уй-музейига айланган. Аммо кейинги йилларда бу анъана бироз тўхтаб қолгандек эди, гўё. Зеро, халқимиз уй-музейи сифатида ташкил этилишини интиқ кутаётган кўплаб зиёлиларимиз яшаган ҳовлилар оз эмас. Бу табаррук манзилларда фидойи алломаларимизнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари, бир сўз билан айтганда, нафаси сақланиб қолган, десак, муболаға бўлмайди.

Абдулла Орипов – ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, атоқли шоири, озод Ўзбекистон мадҳияси матнининг муаллифи. Собиқ иттифоқнинг бир ёқлама мафкураси қиличи зиёлиларимизнинг қутлуғ қони билан бўялган ва бу қон ҳали қуриб улгурмаган, ижодкорларимиз боши узра қатағон сиёсати кўланкаси солиб турган таҳликали даврда «Ўзбекистон – Ватаним маним!» дея ўз юртини баралла тараннум этиш учун ҳамма ҳам ўзида журъат топмаган. Мана шундай жасур қалам аҳли эсланганида, шубҳасиз, Абдулла Орипов номи биринчилар қаторида зикр қилинади. Қолаверса, миллионлаб қалбларни ўзининг лирик назмий асарлари орқали эзгулик ва меҳр-оқибат, покиза ишқ ва ватанпарварлик туйғуси билан тўлдирган ҳам Абдулла Орипов эди.
Дўрмон ижод уйига туташ ҳовлида Абдулла Орипов 1996-2016 йилларда яшаб, ижод қилган. Жорий йил қаҳрамон шоиримиз таваллудига 85 йил тўлди...

— Бу уй-музейини ташкил этишда давлатимиз раҳбарининг ташаббусига миннатдорлик билдирган ҳолда катта бунёдкорлик ва ўзгаришларга беминнат кўмак берган атоқли шоиримиз оиласи, жумладан, Ҳанифа ая Мустафоевага миннатдорлик билдирамиз, — деди Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаев тантанали тадбирда. — Чунки ўз эътибор берилмаганида, бугун бу янги уй-музейининг, пировардида, келажак авлоднинг маданий мулкига айланган ноёб экспонатлар, тарихий қўлёзма ва суратлар кўз қорачиғидек асраб-авайланмаганида, уларнинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмасди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, хусусан, Абдулла Ориповнинг шогирдлари сўзга чиқди, халқимизнинг янги маданият даргоҳи билан самимий табриклади.

— Дўрмон ижод уйи ўз вақтида жуда файзиёб жойлар бўлган, — дея эслайди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, бекободлик шоир Оллоёр Бегалиев. — Бу ерда ижарада бир муддат яшаганман ҳам. Кунларнинг бирида боғни айланиб келай дея тепаси узум ишкомли йўлакдан боғ этаги тарафга кета бошладим. Бу тарафда деярли бинолар йўқ бўлиб, ўртароқдаги бир қаватли дача шоир Зулфиянинг фарзандига тегишли экан. Иккинчи бино ёнидан ўтиб кетаётиб, қия очиқ дарвозадан тахта сўрида ўтирган Ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Ориповни кўриб қолдим, кўк зирабеқасам тўн, бошда оқ дўппичада кўчага қараб ўтирган экан. Дарвоза ташқарисидан салом бериб, кейин ичкарига кириб бориб, қўл бериб кўришдим. Абдулла ака яхши юрибсанми, қаерда ишлаяпсан дея суриштирган пайти, Ҳанифа ая дастурхонга усти сариёғли ширгуруч олиб келди. Абдулла ака билан ширгуруч еганча гаплашиб ўтирдик. Ўша пайти Абдулла ака уюшмага раис бўлганига эндигина бир йиллар бўлиб, бу дачада яшай бошлаганига ҳам шунча бўлиб қолган экан. Улуғ айёмлар арафасида мана шундай бағрикенг хонадон уй-музейи сифатида кўпчилик учун бағрини очди.
Қайд этиш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг номини адабийлаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Тошкентдаги Адиблар хиёбонида ҳайкали ўрнатилди, Қашқадарё вилоятида Абдулла Орипов ижод мактаби фаолият юритмоқда, асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда. Халқимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги бу хайрли ишлар тизимли тартибда давом эттирилмоқда.

Тошкент вилоятида очилган ушбу маскан Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий меросини кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурурни мустаҳкамлаш, авлодларни юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг