Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Президент Шавкат Мирзиёевнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилган, Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташриф буюрувчилар учун очилмоқда.
Мазкур марказ ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади. У халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, бунёдкорлик салоҳияти, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Замонавий Ўзбекистоннинг энг йирик маданий ва илмий лойиҳаларидан бири ҳисобланган Ислом цивилизацияси маркази Наврўз байрами кунларида ташриф буюрувчилар учун очилади ва расман ишга туширилгандан кейин доимий фаолият юритади.
Марказ ҳар куни 09:00 дан 22:00 гача, дам олиш кунларисиз ишлайди. Шунинг учун бу ерга иш кунидан кейин ҳам кириб ўтиш, оила аъзолари ва болаларни олиб келиб, тарих оламида кечки сайр қилиш мумкин.
Билетни қаердан харид қилиш мумкин?
Марказга ташриф электрон ёки қоғоз билетлар орқали амалга оширилади. Билетларни iTicket.uz онлайн платформаси орқали ёки мажмуага кириш жойида жойлашган кассалардан сотиб олиш имкони яратилган.
Ҳар бир электрон билетда ташриф санаси ва вақти кўрсатилган QR-код мавжуд бўлиб, уни телефонда кўрсатиш ёки чоп этилган ҳолда тақдим этиш кифоя — киришда билет турникетда бир неча сония ичида сканер қилинади.
Кириш нархи қанча?
Марказда турли тоифадаги ташриф буюрувчилар учун дифференциал кириш билетлари тизими жорий этилган. Асосий тоифалар:
• Стандарт билет (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун гуруҳ билан)
Нархи — 60 000 сўм, ташриф давомийлиги — 2 соат.
• Индивидуал (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун, кун давомида)
Нархи —120 000 сўм.
• Болалар билети (13–18 ёш, Ўзбекистон фуқаролари учун гуруҳ билан)
Нархи — 25 000 сўм, ташриф давомийлиги — 2 соат.
Шунингдек, туристик билет (чет эл фуқаролари учун, гуруҳ билан)
Нархи — 25 АҚШ доллари (Марказий банк курси бўйича) + 10 АҚШ доллари гид хизматлари билан тарқатма материаллар ичида, ташриф давомийлиги — 2 соат.
• Болалар билети (13–18 ёш, чет эл фуқаролари учун, гуруҳ билан)
Нархи — 20 АҚШ доллари, ташриф давомийлиги — 2 соат.
Индивидуал (чет эл фуқаролари учун, кун давомида)
Нархи — 50 АҚШ доллари.
Экскурсия гуруҳлари 30 нафаргача шакллантирилади. Бу экспозициялар билан қулай ва тартибли танишиш имконини беради.
Ташриф қанча вақт давом этади?
Марказни зиёрат қилишнинг ўртача давомийлиги гуруҳлар учун тахминан икки соатни ташкил этади. Экскурсиялар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Қандай қоидаларга риоя қилиш керак?
Ислом цивилизацияси маркази минтақа тарихи, илмий мероси ва маънавий қадриятларига бағишланган маданий макондир. Шу боис ташриф буюрувчилар қуйидагиларга риоя қилиши шарт:
• жамоат тартиби қоидаларига амал қилиш
• экспозицияларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш
• диний ҳудудларга киришда белгиланган кийиниш қоидаларига риоя қилиш
Марказ ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:
• рухсатсиз экспонатларга тегиш
• фотосуратга олишда чақнаш (вспышка)дан фойдаланиш
• рухсатсиз экскурсиялар ўтказиш
• маъмурият рухсатисиз тижорат фаолияти билан шуғулланиш
Ташриф қоидалари билан қаерда танишиш мумкин?
Ташриф тартиб-қоидаларининг тўлиқ матни билан қуйидаги жойларда танишиш мумкин:
• Ислом цивилизацияси марказининг расмий сайтида https://iccu.uz/
• iTicket.uz платформасида https://iticket.uz/
• Марказнинг касса ҳудудида ва кириш қисмида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг