Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Ўзбекистон Марказий банки 24-октабр кунги бошқарув йиғилишида асосий ставкани ўзгаришсиз — 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида шаклланган иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби юқори суръатларининг нархларга оширувчи таъсирлари давом этган. Шу билан бирга, ўтган йилги база таъсирлари чиқиб кетиши ҳисобига август ойидан инфляция пасая бошлаган. Бошқарув инфляцион жараёнларнинг секинлашиши ва базавий инфляцияни пасаювчи траекториясида давом этишини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз – 14 фоиз даражасида сақлаб қолган.
Август ойида умумий инфляция июлга нисбатан бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этган. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг секинлашиши ҳисобига базавий инфляция 7,6 фоизгача пасайган.
«Ялпи талабнинг юқори даражада сақланиши шароитида энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари хизматлар инфляциясининг юқори шаклланишида намоён бўлмоқда.
Сўнгги ойларда мавсумий омиллар ҳамда алмашув курсининг барқарорлашуви ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилган бўлсада, мазкур кутилмалар умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда», дейилади МБ хабарида.
Келтирилишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2 фоизгача тезлашди. Бунда, хизматлар соҳасининг юқори суръатлари билан бирга саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилган.
Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг барқарор ўсиши, иқтисодиётда кредитлаш суръатларининг жадаллашуви, бюджет харажатларининг ўсиши ҳамда инвестицион фаолликнинг юқори бўлиши ялпи талабни фаол рағбатлантирувчи омиллардан бўлмоқда.
Шу билан бирга, халқаро савдодаги чекловлар ва ўзаро алоқаларга киритилган ўзгаришлар туфайли глобал инфляциянинг пасайиши кутилганидан секин кечаётгани, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётганлиги ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасининг таргет кўрсаткичларидан юқори шаклланганлиги келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Ушбу шароитларда жорий йил якунида инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Иқтисодиётдаги инфляцион босимни камайтириш ва ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани жорий 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилган.
«Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилиши иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради», дейилади регулятор хабарида.
Айни пайтда, умумий инфляцияни барқарор пасайиш траекториясига ўтиши маълум вақт талаб этади. Нархларга оширувчи босимлар келгуси ойларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Таъкидланишича, асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 октябрь кунига белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг