Шифокорлик — юксак шараф ва катта масъулият, аммо...

Дарднинг келиши осон, кетиши қийин, деганлари рост экан. Мана, уч йилдирки, чап тиззамда оғриқ билан бошланган касаллик азоб бериб келади. Шундан буён кўринмаган докторим, қилмаган амалим қолмади ҳисоб. Фойдаси йўқ. Тошкентда номи чиққан ортопед-травматолог борки, барининг ҳузурига бош суқиб чиқдим. Қани ўзгариш бўлса?! Қани муолажалари кор қилса?!
Аксига олиб, оғриқ кун сайин зўрайиб кетди. Туппа-тузук юрган одамнинг дабдурустдан бир оёғи букилиб, ярим ногиронга айланиб қолса, руҳи тупроқ бўларкан. Атрофдагиларнинг азборайи кўнгил учун берган далдаси-ю, жоиз-ножоиз тавсиялари ҳам қалбга наштардай ботаркан бундай пайтда...
Йўлакда ўқиган “доктор”
Тиббиётдан хабардор кишилар яхши билади, тўғри ташхис касалликни даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис малакали мутахассис хулоса қилишга шошилмайди. Бемор билан обдон суҳбатлашади, касаллик тарихини пухта ўрганади, зарурат бўлса, қўшимча кўрикдан ўтказиб, таҳлиллар олади ва уларнинг натижасига қараб, даволаш чораларини кўради. Бунинг учун шифокорда етарли даражада билим, кўникма ва тажриба, беморнинг тинглай олиш қобилияти, қолаверса, туғма истеъдод ҳам бўлиши даркор, назаримда.
Агар ташхис нотўғри қўйилса-чи? Бундан ортиқ азоб бўлмаса керак. Шифо умидидаги барча саъй-ҳаракатларингиз бесамар кетаркан. Ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютқазиш эса жуда аламли.
...Ҳамма муаммо поликлиникамиз жарроҳи тавсия қилган ўша ёш травматологнинг муолажасидан сўнг бошланди. Қорачадан келган қотма бу йигит чап тизза бўғинимга “синовит” деб ташхис қўйди. Тушунтиришича, бу ортиқча суюқлик йиғилиши билан боғлиқ касаллик бўлиб, вақтида даволанмаса, суяклар мўртлашиб қийшайиши, ҳатто чириши ҳам мумкин экан. Шунинг учун пайсалга солмай, даволанишни бошлаб юбордик.
Буюрган уколларини олдим, дориларни ичдим, машқларни ўз вақтида бажардим. Натижа дейсизми? Афсуски, оғриқ қолиш ўрнига кучайди, шифохонага юриб борган бўлсам, энди тик оёқда туришнинг ўзи азобга айланди.
Даволовчи шифокор оёққа дам беришимни буюрди. Шундай қилдим ҳам. Кейин билсам, у менга “дам” бериб юборган экан. Клиникадагиларнинг айтишича, бу уддабурон шифокор ишдан бўшаб, телефон рақамларини ўзгартирибди. Алоқа йўқ эмиш. Жаҳл устида уни топиб, тазрини бериб қўйгиларим келди. Тағин шайтонга ҳай дедим. Яратгандан ўқишни йўлакларда битирган бундай шифокорларга инсоф тилаб, ҳеч кимнинг иши уларга тушмаслигини сўраб, илтижо қилдим.
Хизмати қиммат, фойдаси йўқ клиникалар
Тан олиш керак, кейинги пайтда тиббиёт ривожланди. Айниқса, хусусий сектор жалб этилгач, у инвестициявий жиҳатдан энг жозибали соҳага айланди. Бугунги кунда хусусий клиникалар соғлиқни сақлашнинг барча йўналишида фаолият юритяпти. Ҳатто травматология ва ортопедияга ихтисослашганлари ҳам бор.
Маълумотларга қараганда, охирги 7 йилда республикада хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 8,5 мингтага кўпайган. Эътиборлиси, улар орасида беморлар ётиб даволанадиган муассасалар сони салмоқли бўлиб, бу ердаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, беморларга яратилган шарт-шароитлар таҳсинга лойиқ. Миллий статистика қўмитасидан маълум қилишларича, 2019 йилда бу тоифадаги хусусий тиббиёт муассасалари сони 575 тани ташкил этган бўлса, 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг сони 1 301 тага етди. Давлат шифо масканларидаги турнақатор навбатлардан зада бўлган мен каби беморлар хусусий клиникаларни афзал билади, албатта.
Тўғри, ҳашамдор биноларда жойлашган бундай масканларда тиббий хизматлар арзон эмас. Шифокор маслаҳати 200 минг сўмдан бошланиб, 450-500 минг сўмгача этиб белгиланган. Бунга травматологик беморлар ўтиши зарур бўлган рентген, МРТ, МСКТ, қон таҳлиллари, қолаверса, қиммат дори-дармонлару, ҳар қабули ўртача 300 минг сўм бўлган массаж ва бошқа муолажаларни қўшадиган бўлсак, бир марталик даволаниш курсининг харажати миллионларни қоралайди. Аммо жонингиз азоб тортиб турган пайтда пул кўзга кўринармиди?
Энди ўзингиз айтинг, шунча харажат қилиб шифо топмасангиз, дардингизни кимга айтасиз? Ҳасратингизни ким, қайси ташкилот эшитади? Энг асосий масала, уларга нима деб мурожаат қиласиз?
Бемор киши бировдан хато эмас, ўзига шифо ахтарар экан. Йўқса, судлар дардмандларнинг даъво аризалари билан тўлиб-тошиб кетарди.
Инкор қилмайман, хусусий тиббиёт масканларида даволаниб, тузалганлар кам эмас, сон мингта. Аравачада келиб, чопқиллаб кетганларниям кўрдим. Бироқ ўзим мисолимда ана шу донгдор клиникалардаги “Сизни операциясиз даволайман”, “10 кунда футбол ўйнайдиган бўласиз” деган шифокорлар тўғри ташхис қўя олмаганидан куяман. Кўзимга нажот фариштаси бўлиб кўринган ўша докторларга ишониб, 3 йил азоб тортганимга ачинаман.
Аввалига коронавирус асорати, деб даволашди. Ўзгариш бўлмагач, артороз дея ташхислаб, яна даволашди. Натижа чиқмагандан сўнг артрит, деб топишди, тағин даволашди. Бунданам пайсал кўрмадим. Охири ревмоартрит бўлгансиз, деб ревтомолог шифокорга йўлланма бериб, ўзлари сувдан қуруқ чиқишди. Бу орада мениск йиртилган, пай жароҳатланган, дегувчилар ҳам бўлди. Лекин биз тўғри ташхис қўйишнинг уддасидан чиқа олмадик, дейдиган мард топилмади. Аксинча, такрор текширувларга йўналтириб, қиммат дори-дармонлар рўйхатини тузиб бериб, ҳолдан тойдиришди. Оқибатда дардимга дард қўшилди: тизза бўғиним қотиб қолиб, ҳаракатим чекланди. Хусусий клиникалардан кўрган фойдам, топган шифоим шу бўлди.
Мен сиздан шифо топдим
Одамзоднинг табиати қизиқда, нажотни олисдан излайди. Қимматми, демак сифатли деган, қараш эса онг остимизгача сингиб кетган. Шундан бўлса керак, олдимиздан оққан сувнинг қадрига етавермаймиз. Йўқса, ўзим ҳам аллақачон ҳар куни йўлим тушадиган Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат қилган бўлармидим.
Ҳа, мен дардимга олислардан узоқ излаган шифони оёғим остидаги ушбу тиббиёт муассасасидан топдим. Бунинг учун марказ директори, камтирин инсон, моҳир жарроҳ ва катта қалб соҳиби Мурод Ирисметов, Спорт травмаси бўлими бошлиғи Дилшод Шамшиметов, даволовчи шифокорим Феруз Рустамов ва ёш мутахассис Бахтиёр Усмоновдан бир умр миннатдорман.
Мурод Ирисметовни яқиндан танимаган беморлар уларни марказ раҳбари эканлигини хаёлига ҳам келтирмаса керак. Чунки кўзлари доим кулиб турадиган, чеҳраси нурли бу инсонга мартаба нуқси урмаган, халқона тилда айтганда, оёғи ердан узилмаган. Жуда хушмуомалали, ҳаммага бирдек муносабатда. “Шифокорнинг сўзи ҳам шифо” деган иборанинг исботини уларнинг иш тутумида кўрдим.
Яширмайман, ўзига бино қўйган баъзи шифокорларнинг хулосасидан кўнглим синиб қолганди. Боз устига юришдаги нуқсоним сабаб ўзимни одамлардан олиб қочадиган ҳолга тушганим ҳам рост. Ана шундай бир пайтда Мурод Ирисметовнинг илиқ сўзлари менга умид берди, тузалишга ишонч уйғотди.
— Операция қиламиз, — деди Мурод Ирисметов МРТ ва МСКТ тасвирларини қайта-қайта кўриб чиққач. — Мана, қаранг! Тиззангиздаги бу оппоқ нарсалар эркин ҳаракатланишга йўл қўймаяпти. Эртароқ келганингиз эди, бунчалик қийналиб юрмасдингиз.
“Операция” сўзини эшиб, юрагим “шув” этиб кетди. Ахир, хусусий клиникадаги врачлар миямга эндопротезлаш зарурлигини қуйиб, ўша мураккаб операцияга руҳан тайёрлаб келаётгандида. Шу ўйда:
— Тиззам алмаштириладими, — дебман.
— Йўғей, суякларингиз зўр, мениск йиртилмаган, пайларингиз мустаҳкам, артроскопик усулда тиззани тозалаб ташлаймиз. Бунга 20-30 дақиқа вақт кетади, холос. Кейин кўрмагандай бўлиб кетасиз. Чопқиллаб юрасиз.
Докторларнинг айтишича, операциям “удачний” бўлибди. Бунга шубҳам йўқ. Негаки, букилиб қолган тиззам тўғриланди, оқсоқланмай юра бошладим.
Энг даҳшатли нима, айтайми? Хусусий клиникаларда ўтган 3 йил давомида нотўғри қўйилган ташхислар асосида даволаб келишган. Табиийки, нархи қиммат муолажалар ҳеч қандай фойда бермади. Жайдари қилиб айтсак, бунинг номи беморларни “соғиш” операцияси, дейиладир.
Аслида, мени безовта қилиб келаётган касаллик хондроматоз эканлиги Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида дастлабки кўрикдаёқ аниқланганига нима дейсиз?!
Травматология ва ортопедия хаби
Президент Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар кунида юртимиз ишбилармонлари билан ўтказган очиқ мулоқот чоғида Ўзбекистонни минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантириш ташаббусини илгари суриб, бунинг учун қандай шароит керак бўлса, барчасини яратиб беришга тайёр эканлигини билдирди. “Чегара ҳудудларимизда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерларини ташкил қиламиз. Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Бунда тиббиёт кластерларини барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади”, деди пировардида.
Шу маънода, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази бугунги кунда ўз йўналишида минтақадаги тиббиёт хабига айланган, десак, муболаға эмас. Юртимиз аҳолисидан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби қўшни давлатдан келган кўплаб беморлар ушбу марказда даво топиб кетаётгани шундай дейишимизга асос бўла олади.
Бизга айтишларича, марказда ҳар йили ўртача 11-12 мингта жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Биргина 2024 йилда 11281 та операция бажарилган бўлиб, шундан 62 фоизини юқори технологик, 30 га яқинини эса ноёб хирургик амалиётлар ташкил этди. Бунда мавжуд 14 та операция зали замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминлангани қўл келяпти, албатта.
— Муассасамизда ўтган йили 4 турдаги янги диагностика ҳамда 24 турдаги юқори технологияли даволаш усули жорий этилди, — дейди марказ директори Мурод Ирисметов. — Натижада юртимизда травматология ва ортопедия йўналиши бўйича амалиётда қўлланилаётган муолажа усуллари сони 269 тага етказилди. Хусусан, марказда илк бор ревматоид артрит хасталигидан узоқ йиллар азият чекиб келган 67 ёшли беморда тирсак бўғимини эндопротезлаш операцияси муваффақиятли бажарилди. Яна бир ноёб муолажа — трансфораминал эндоскопик дискэктомия, яъни умуртқа поғонаси диск чуррасини олишнинг кам инвазив жарроҳлик амалиёти бўлди. Атиги 5,5 мм кичик кесма орқали, маҳаллий оғриқсизлантириш остида бажарилган ушбу операциядан бир кун ўтиб, бемор оёққа туриб, юриш имкониятига эга бўлди. Ўтган йил давомида жами беш нафар юртдошимиз худди шу усулда оғир хасталикдан халос бўлди.
Бундан ташқари, тизза бўғими остеоартрозларида сон суяги дистал қисмини артро медулляр артроскопик усулда шунтлаш, мениск илдизини артроскопик йўл билан тикиш, чаноқ-сон бўғимини 3D Logeeks имплант ёрдамида тотал эндопротезлаш, умуртқа поғонаси диск чурраларини трансфораменал йўл билан эндоскопик усулда олиш каби қатор янги илғор даволаш амалиётлари ўзлаштирилди. Ўз навбатида, чаноқ-сон бўғимларини бирламчи ҳамда кўп маротаба бажарилган ревизион эндопротезлашдан сўнг келиб чиқадиган суяк нуқсонларида “3D имплант” ёрдамида эндопротезлаш усуллари йўлга қўйилди.
Марказ раҳбари ва жамоаси бу ютуқларни, энг аввало, юртимизда тиббиёт ривожига қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, қолаверса, мутахассисларнинг Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, БАА, Беларусь каби давлатларининг етакчи клиникаларида малака ошириб келаётгани билан изоҳлайди.
Бизнингча, бунинг яна бир жиҳати бор, у ҳам бўлса, бу ерда ўз тақдирини тиббиёт билан боғлаган, ўзгалар дардини ўзиникидек қабул қиладиган фидойилар, чинакам шифокорлар меҳнат қилаётганидир. Уларнинг қайноқ меҳри, сеҳрли сўзи ва енгил қўли билан минг-минглаб хаста қалблар даво топиб, яна ҳаётга қайтмоқда, эртанги кунга ишонч пайдо бўлмоқда.
Борингизга шукр! Қўлингиз дард кўрмасин, оқ халатли фаришталар!
Саид РАҲМОН,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг