Ўзбекистонда сиам эгизаклари ноёб операция орқали ажратиб олинди

20:14 08 Октябр 2025 Жамият
292 0

Фото: ССВ

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ўзбек шифокорлари сиам эгизакларини шошилинч равишда ноёб операция орқали ажратиб олди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Маълум қилинишича, ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида «кесарча кесиш» йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.

Беш соат давом этган юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилган.

Бугун, 8 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олган.

«Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу — ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган циам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир», дейди вазир.

Қайд этилишича, сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир ССВ раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Саломатлиги яхшиланган жажжи беморлар ва уларнинг онасига бугун шифохонадан уйига жавоб берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?