Самарқандда ҳам боғча болаларига сифатсиз овқат берилдими?

12:14 04 Октябр 2025 Жамият
274 0

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз овқат берилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Унда айтилишича, мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вилоят Санитария ва эпидемиология жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганилган.

Ўрганишлар жараёнида 1-сон ДМТТ да фаолият юритаётган ошпазларнинг овқат пишириш технологияларига амал қилмагани ҳамда эътиборсизлиги сабаб кечки нонуштага тайёрланган ширин кулчалар куйдириб пиширилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан буюртмачи томонидан аутсорсинг «PROOF FOOD» МЧЖ корхонаси раҳбарияти огоҳлантирилган.

Маълум қилинишича, аутсорсинг томонидан сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб берилганлиги ҳақидаги хабарлар ўз исботини топмаган.

Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санепидқўмита туман бирлашмаси эпидемиологи маълумотига кўра, 30 сентябрь санасидан бугунги кунга қадар боғча ёшдаги болаларнинг овқатдан заҳарланганлиги бўйича мурожаат келиб тушмаган.

«Ижтимоий тармоқларда Нурободда 50 нафардан ортиқ ДМТТ тарбияланувчиси касаллангани айтилган хабар асоссиз бўлиб, блогерлардан ёлғон ахборот тарқатмасликни сўраймиз», — дейилади бошқарма муносабатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?