Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилади

19:08 02 Октябр 2025 Жамият
276 0

Ҳукумат қарори билан «Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисида» ҳамда «Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисида»ги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақида «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.

Унда айтилишича, мазкур низомларга кўра, мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар 2 йилда 1 маротаба танлов ўтказилади.

Мукофотлар билан режиссура ва драматургия соҳаларида фаол ижод қилаётган режиссёр ва драматурглар театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.

Ғолибларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида 1 марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткалар берилади.

Ижодкорларни мукофотлар билан тақдирлаш бўйича таклифлар тегишли ташкилотлар томонидан Маданият вазирлигига тақдим этилади. Маданият вазирлиги номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқиб, танлов ўтказилаётган йилнинг 1 февралигача тегишли комиссияга тақдим этади.

Шундан сўнг, комиссия 1 мартгача номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳар бир мукофот бўйича энг муносиб 1 нафардан номзод бўйича якуний қарор қабул қилади.

Ушбу мукофотлар 27 март – Халқаро театр куни арафасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?