Ўзбекистонда 6 тонна сифати талабга жавоб бермайдиган ош тузи аниқланди

17:40 01 Октябр 2025 Жамият
291 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён сифати талабга жавоб бермайдиган 6 тоннадан ортиқ ош тузи аниқланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларидаги санитария-гигиена лабораторияларида йил бошидан буён жами 4411 та ош тузи намуналари текширилган, шундан 1306 таси талабга жавоб бермаган.

Аниқлик киритилишича, ушбу намуналарнинг 19 таси ишлаб чиқариш корхоналарига, 182 таси савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан ҳамда 1105 таси Мактабгача таълим ташкилоти, мактаблар ва ДПМларга тўғри келади.

Сифати талабга жавоб бермайдиган 6042,5 кг ош тузи реализация қилишдан тўхтатилиб, ош тузини ишлаб чиқарувчи корхоналарга қайта йодлашга жўнатилди. Шунингдек, 1 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, аниқланган ҳолатлар юзасидан жами 31 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

Тузни йодлаш дастури

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига асосан бугунги кунда ер юзида 2 миллиард аҳоли ёд танқис ҳудудларда истиқомат қилмоқда. 655 миллион аҳоли эндемик буқоқ касаллигига чалинган. Йод танқислиги сабабли 43 миллион аҳолида бош мия фаолиятининг бузилиши ва ақлан заифлик ҳолати кузатилмоқда.

Узоқ йиллар давомида йод етишмаслиги ҳолатларини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар олиб борилишига қарамай жаҳоннинг кўп давлатларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида ҳам ёд етишмаслиги муаммолари мавжуд.

Тузни йодлаш дастури аҳолини йод етишмаслигидан ҳимоя қилишнинг энг самарали ва арзон йўли ҳисобланади. Бу амалиётда ош тузига кичик миқдорда йод қўшилади ва натижада қалқонсимон без касалликлари ҳамда болаларда ақлий ривожланишдаги орқада қолиш ҳолатлари олдини олинади. Стандартларга кўра, 1 тонна ош тузига 20 — 40 г калий йодат қўшилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар универсал тузни йодлашни глобал миқёсда тавсия қилади. Халқаро маълумотларга кўра, бу дастур туфайли 1990–2020 йиллар оралиғида йод етишмаслиги кузатиладиган мамлакатлар сони кескин камайган.

Ҳозирги вақтда дунё аҳолисининг тахминан 85–90 фоизи йодланган туздан фойдаланмоқда, аммо айрим минтақаларда етарли қамров ҳали ҳам таъминланмаган. Мутахассислар таъкидлашича, ҳомиладорлик даврида йод етишмаслиги чақалоқларда мия ривожланиши ва интеллектуал қобилиятларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, иқтисодий жиҳатдан ҳам дастур самарали бўлиб, ҳар бир доллар сарф билан катта ижтимоий-иқтисодий йўқотишларнинг олди олинади. Бугунги кунда 120 дан ортиқ давлатда тузни мажбурий йодлаш тизими жорий қилинган бўлиб, мазкур дастурнинг самарали амал қилиши сифат назорати ва қонунчилик асосида таъминланиши лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?