«Андижон» клуби Қатар кубоги соҳибини енгa оладими?

1 октябрь куни Андижон вилоятида жойлашган «Бобур арена» ўз тарихида биринчи марта ОФК байроғи остида ўтадиган ўйинга мезбонлик қилади. Шу куни Максим Шацких бошчилигидаги «Андижон» клуби Осиё чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг 2-тури доирасида Қатарнинг «Ал-Аҳли Доха» клубини қабул қилади. Бугун ушбу ўйин олдидан Қатар клуби билан танишамиз.
Тарихи
«Ал-Аҳли» умумий ҳисобда 75 йиллик тарихга эга клуб ҳисобланади. Жамоа 1950 йил «Ал-Нажаҳ» номи билан ташкил этилган. Клубнинг ташкил этилишида Нажи Мусаад исмли тадбиркор муҳим роль ўйнаган.
1972 йил «Ал-Нажаҳ» клуби маҳаллий «Савт Ал-Араб» жамоаси билан бирлаштириб юборилган. Натижада «Ал-Аҳли Доха» клуби ташкил топган.
1964 йилда расмий равишда 2-сонли қарор билан клуб ҳуқуқий мақомга эга бўлди. Клубнинг халқаро майдондаги илк ўйини Баҳрайннинг машҳур жамоаси «Ал-Мухаррақ»га қарши режалаштирилган эди. Бироқ, таркибда хорижлик (исроиллик) футболчилар бўлгани сабабли бу учрашув бекор қилинди. Бунинг ўрнига улар «Ал-Нусоор» клубига қарши ўйнаб, 3:1 ҳисоби билан ғалаба қозонди.
1973 йилда клуб ўз майдонида футбол қироли Пеле бошчилигидаги Бразилиянинг «Сантос» клубига қарши баҳс ўтказди.
1985 йил сентябрь ойида клуб 700 минг Қатар риали миқдорида қарздорликка учради. Маблағни тежаш мақсадида клуб хорижлик футболчилар билан шартнома имзоламаслигини эълон қилди. Натижада баскетбол, гандбол ва волейбол жамоалари учун ёлланган беш нафар югославиялик спортчи билан шартномалар бекор қилинди. Шундан сўнг, Қатар Ёшлар ва Спорт вазирлиги томонидан 500 минг Қатар риали, шунингдек, мухлислар ва клуб аъзолари томонидан 300 минг Қатар риали миқдорида маблағ тўпланиб, қарзлар қопланди ва хорижий футболчилар қайта жалб этилди.
Жамоа ҳақида
Жамоага мухлислар томонидан «Ал-Амид» (бошлиқлар) деган ном берилган.
«Ал-Аҳли» ўз уй учрашувларини Доха шаҳрида жойлашган «Ҳамад бин Халифа» стадионида ўтказади. Стадион ўзига хос дизайнга эга бўлиб, ўз бағрига 12 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
2014 йилнинг 11-апрел санасида айнан ушбу стадионда томошабинлар ташрифи бўйича Қатар Юлдузлар лигаси рекорди ўрнатилган. «Ал-Аҳли» ва «Ал-Сайлия» ўйинини томоша қилиш учун ўша куни стадионга 10 142 нафар мухлис келган.
Совринлари
«Ал-Аҳли» клуби Қатар Амир кубоги мусобақасининг 4 карра ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, жамоа 5 марта ушбу мусобақада иккинчи ўринни қўлга киритган. «Шайх Жассим» кубоги мусобақасида жамоа 1999 ва 2006 йилларда чемпионликни қўлга киритган. 2012 йил Қатар иккинчи дивизиони ғолиблигига эришган.
Ўтган мавсум «Ал-Аҳли» Қатар Юлдузлар лигасида «Ал-Дуҳайл», «Ал-Садд» ва «Ал-Ғарафа» жамоаларидан сўнг, тўртинчи ўринни эгаллади ва айнан ушбу натижаси туфайли ўз тарихида биринчи марта Осиё чемпионлар лигаси мусобақаси йўлланмасига эга чиқди.
Жамоанинг халқаро майдондаги натижаларига назар ташласак, клуб 1993 йилда ОФК байроғи остида ўтган биринчи ўйинини ўтказганига гувоҳ бўламиз. Айнан ўша йили «Ал-Аҳли» Қувайтнинг «Ал-Араби» жамоаси билан мусобақанинг биринчи босқичида тўқнаш келади. Дохада ўтган ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилади. Сафардаги ўйинда эса Қувайт вакили 1:0 ҳисоби билан ғалаба қозонади. Шу тариқа жамоа мусобақадаги иштирокини дастлабки босқичда якунлайди.
1999 йилги мавсумда ҳам «Ал-Аҳли» айнан ушбу мусобақада иштирок этади. Клуб дастлабки босқичда Ливаннинг «Нежмеҳ» клубини мағлуб этади. Иккинчи босқичда эса Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубига 1:7 ҳисоби билан имкониятни бой берган ҳолда турнирни тарк этади.
Мураббийи
Жамоани айни пайтда хорватиялик мутахассис Игор Бисчан бошқармоқда. Игор 1978 йил Хорватиянинг Загреб шаҳрида туғилган.
У футболчи сифатида «Панатинаикос», «Ливерпул» каби жамоаларда тўп сурган. Хорватия миллий терма жамоасида 15 та ўйинда майдонга тушган.
Игор Бисчан 2016 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлади. Дастлаб «Рудеш» ва «Риека» каби маҳаллий клубларда, 2019 йилда эса Хорватиянинг U-21 терма жамоасида бош мураббий сифатида ишлади. 2023 йил Хорватиянинг байроқдор клуби «Динамо Загреб»га устозлик қилди. 2023 йилнинг октябрь ойида мураббий Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» жамоасида иш бошлади. Бироқ 2 ой ўтмай истеъфога чиқарилди.
Игор 2024 йилнинг 7-июн санасида «Ал-Аҳли» жамоаси мураббийлигига келди ва айни пайтда жамоани бошқармоқда.
Футболчилари
Айнӣ вақтда «Ал-Аҳли Доха» жамоасида қуйидаги футболчилар тўп сурмоқда:
Робин Тихи — Финляндиялик ҳимоячи. Фаолияти давомида Швеция клубларида ўйнаган. Финляндия терма жамоаси аъзоси;
Иброҳим Диалло — Франциялик ярим ҳимоячи. Фаолияти давомида «Монако», «Брест», «Саутгемптон» каби клубларда тўп сурган. «Transfermarkt» порталига кўра нархи 4 миллион евро;
Михаэль Влап — Нидерландиялик ярим ҳимоячи. Ушбу мамлакатнинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида тўп сурган. Фаолияти давомида Белгия, Нидерландия, Германия каби мамлакатларда ўйнаган. «Transfermarkt» порталига кўра жамоанинг энг қиммат футболчиси (5 миллион евро);
Эрик Экспосито — Испаниялик ёш ҳужумчи. «Малага» клуби тарбияланувчиси. «Transfermarkt» портали уни 2,2 миллион еврога баҳолаган;
Юлиан Дракслер — «Вольфсбург», «Шалке 04», «Бенфика», ПСЖ каби жамоаларнинг собиқ футболчиси. Германия миллий терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Миллий терма жамоада 57 та ўйинда майдонга тушган.
Эслатиб ўтамиз, «Андижон» — «Ал-Аҳли» ўйини 1-октябрь куни соат 18:45 да старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
- Сардобанинг сири нимада?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг