Россия Украинага 500 дан ортиқ дрон ва 40 дан зиёд ракета ҳужумлари уюштирди – Зеленский

11:54 29 Сентябр 2025 Дунё
218 0

Россия армияси 28 сентябрга ўтар кечаси Украина шаҳарлари ва вилоятларига қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, мамлакатга қарийб 500 та зарба берувчи дрон ва 40 дан ортиқ ракета, жумладан «Кинзҳал» гипертовушли ракеталари йўлланган.

Зеленский Telegramʼдаги мурожаатида ҳужумни «ваҳшиёна ва мақсадли террор» деб атади:

«Россия армияси 12 соатдан ортиқ давом этган оммавий ҳужумлар уюштирди. Оддий шаҳарларга қарши атайлаб уюштирилган террор – деярли 500 та зарба берувчи дрон ва 40 дан ортиқ ракета, жумладан «кинжаллар». Эрталаб яна осмонимизда рус-эрон ишлаб чиқарган «шаҳед»лар кўринди», – деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳужумнинг асосий нишонлари Киев ва Киев вилояти, Запорожье, Хмельницкий, Суми, Николаев, Чернигов ҳамда Одесса вилоятлари бўлган.

Зеленский маълумотига кўра, Киевда тўрт киши, жумладан 12 ёшли қизалоқ ҳалок бўлган, мамлакат бўйлаб эса камида 40 киши жароҳат олган.

Зарба оқибатида нон заводи, автомобиль шиналари ишлаб чиқарувчи завод, турар-жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига жиддий зарар етган.

Украина раҳбари бундай ҳужумни БМТ Бош ассамблеяси якунланганидан сўнг Россиянинг «асл позициясини кўрсатиш» деб баҳолади:

«Кремль урушни давом эттириш ва одамларни ўлдиришдан манфаатдор. Улар энергия ресурслари ва «соя флоти» орқали маблағ топаётган экан, бу террорни давом эттиради. Биз Россиянинг урушдан фойда топиш имкониятларини йўқотиш ва уни дипломатияга мажбур қилиш учун зарба беришда давом этамиз», – деди Зеленский.

Украина ҳукумати мазкур ҳужум Россияга қарши халқаро босимни кучайтириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?