Марказий банк кредит ташкилотларини огоҳлантирди

Марказий банк аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ажратилаётган давлат ёрдам пуллари — болалар пули, ногиронлик нафақаси, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик пули ва бошқа шунга ўхшаш маблағлар фуқароларнинг банк карталарига тушиши билан айрим кредит ташкилотлари томонидан автоматик тарзда кредит қарзларини ундириш ҳолатлари кузатилаётганини маълум қилиб, мазкур жараённи қаттиқ қоралади.
Марказий банк ушбу ҳолатларни кескин танқид қилар экан, бу каби амалиётни адолат тамойилларига зид ва инсонийликдан йироқ деб баҳолади. Чунки аҳолининг ижтимоий нафақалари давлат томонидан ижтимоий ҳимоя чоралари сифатида кўрсатилади ва уларни фуқароларнинг розилигисиз қарз тўловларига йўналтириш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига кўра, давлат ногиронлиги бор, меҳнатга лаёқатсиз, ёлғиз кексалар, ижтимоий эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилади. Шунингдек, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади.
Марказий банк барча тижорат банклари ва микро молия ташкилотларини ички тартиб-қоидаларини қайта кўриб чиқишга ва ижтимоий нафақаларни фуқаролар розилигисиз кредит қарзларига йўналтиришни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, агар фуқаро ушбу ҳолатдан норози бўлса, унга етказилган маблағларни қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
Мазкур огоҳлантириш барча банк ва кредит ташкилотлари томонидан эътиборга олиниши шарт. Акс ҳолда, Марказий банк бундай ҳолатларни қонунчилик доирасида назорат қилиш ва зарур чораларни кўришини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда ўтказилаётган Халқаро экологик технологиялар кўргазмаси – «Eco Expo Central Asia 2025»дан фоторепортаж
- Эрон президенти Исроил билан можарони тўхтатиш шартларини маълум қилди
- Қирғизистон Россиядан ўз фуқароларига алоҳида мақом беришни талаб қилмоқда
- Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин — Президент
- Исроил Эрон билан урушга қанча пул тикди?
- Энг яхши мақолалар муаллифлари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг