Трамп журналистлар кўз ўнгида Нетаньяхуга босим ўтказиши керак — Исроил собиқ раҳбари Эҳуд Олмерт

12:56 10 Июнь 2025 Дунё
106 0

2006 йилдан 2009 йилгача Исроил бош вазири бўлган Эҳуд Олмерт АҚШнинг Исроил ҳукуматига таъсир ўтказа олишини айтиб, президент Дональд Трампни Нетаньяхуга босим ўтказишга ундади. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Собиқ Исроил бош вазирининг таъкидлашича, Трамп Нетаньяхуни Оқ уйга чақириши ва журналистлар кўз ўнгида Исроил томонидан қилинаётган ҳаракатларни қоралаши ҳамда бас қилиш лозимлигини айтиши керак.

«Трамп буни амалга оширади деб умид қиламан. Америка раҳбари ҳеч нарса ютқазмайди. Тўғри, бу ишнинг содир бўлиш эҳтимоли жуда паст. Лекин биз умид қилишимиз ва бу ҳаракатни рағбатлантиришимиз керак», — дейди Олмерт.

Шунингдек, собиқ бош вазир Ғазода содир бўлаётган урушни жиноят деб билишини маълум қилган. Олмерт ушбу можарога барҳам беришнинг ягона йўли икки давлат ўртасидаги ўзаро битим тузиш эканини ҳам қўшимча қилган.

Эҳуд Олмертнинг сўзларига кўра, Нетаньяху 2023 йилнинг 7 октябрда ҲАМАСнинг мисли кўрилмаган ҳужумига тўсқинлик қила олмагани учун етакчи сифатида бутунлай муваффақиятсизликка учраган ҳамда ишончни йўқотган.

Сўнгги маълумотларга кўра, кеча, 9 июнь куни Исроил кучларининг Ғазога қилган ҳужумлари оқибатида камида 60 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Юздан ортиқ киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохоналарга ётқизилган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазога қарши уруши давомида камида 54 минг 927 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. 126 минг 615 нафари эса турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохонага жойлаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?