Нукусда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва “Ҳосил байрами” кенг нишонланди

09:54 23 Dekabr 2025 Jamiyat
159 0

Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойида юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланади. Жорий йилнинг 21 декабрь куни Нукус шаҳридаги Отчопар майдонида ушбу сана ҳамда “Ҳосил байрами”га бағишланган тантанали байрам томошалари бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни касб байрами билан табриклади. У ўз нутқида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага замонавий техника ва инновацион технологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, Қорақалпоғистон учун қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни “Ҳосил байрами” билан табриклади ҳамда Қорақалпоғистонда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом этишини қайд этди.

Тадбир давомида аграр соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган бир қатор илғор ходимлар рағбатлантирилди. Хусусан, “Энг илғор фермер хўжалиги” номинацияси бўйича “Уркинбай” фермер хўжалиги раҳбари Айтбай Нугманов Президент совғаси — трактор билан тақдирланди. “Энг яхши боғбон” номинациясида “Ozod intensiv bog‘” фермер хўжалиги раҳбари Озод Машарипов кичик трактор, “Энг яхши чорвадор фермер” номинациясида эса “Dadabay Bayramkilich” фермер хўжалиги раҳбари Азамат Дадебаев мотороллер билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг яхши паррандачи”, “Энг яхши балиқчи”, “Энг яхши асаларичи”, “Энг яхши пиллакор”, “Энг яхши механизатор”, “Энг яхши пахтакор”, “Энг яхши ғаллакор”, “Энг яхши ирригатор”, “Энг яхши ветеринар” каби кўплаб номинациялар бўйича ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам доирасида халқ ўйинлари ва миллий спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Арқон тортиш мусобақасида Чимбой тумани жамоаси биринчи, Нукус тумани иккинчи, Мўйноқ тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Қўчқорлар жанги, кураш, от чопиш, “Қиз қувиш”, “Танга олиш” ва “Кўпкари” каби миллий ўйинлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Кураш бўйича мусобақаларда турли вазн тоифаларида ғолиблар аниқланиб, маиший техника ва пул мукофотлари билан тақдирланди. От чопиш бўйича ўн айловли пойгада Мўйноқ туманидан Сарсен Таласовнинг оти ғолиб чиқиб, бош соврин — Президент совғаси “Onix” автомашинасига сазовор бўлди.

Байрам иштирокчиларига деҳқонлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазлар тайёрлаган миллий таомлар тақдим этилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури байрамга ўзгача кўтаринки кайфият бағишлади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тадбирлар халқ сайли руҳида давом этди.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?

Ko‘p o‘qilganlar

Yangiliklar taqvimi

Кластер