Зулфияхоннинг томорқаси
Фото: “Халқ сўзи”
Шаҳрисабз туманидаги Истиқлол маҳалласида яшовчи бу аёл ҳовлисидаги 2 сотих томорқада деҳқончилик қилади. У ана шу кичик майдонни оиласи учун катта даромад манбаига айлантирган.
— Томорқадан бир йилда камида уч маротаба ҳосил оламиз, — дейди Зулфия Мейлиева. — Масалан, эрта баҳордан сентябрь ўрталарига қадар аввал картошка, сўнг маккажўхори экиб, саранжомлаб олишга улгурамиз. Шундан сўнг то қишга қадар кўкатчилик билан шуғулланамиз.
Айни вақтда ҳам томорқанинг ярмида саримсоқпиёз, қолган қисмида эса пиёз баравж ривожланмоқда. Оила бекасининг айтишича, яна йигирма кунлардан сўнг кўкатларни бозорга етказиб беришни бошлайди ва бу жараён декабрнинг ўрталарига қадар давом этади. Ўтган йили оила фақат кўкатнинг ўзидан 10 миллион сўм даромад олган экан. Бу йил эса янада кўпроғини мўлжаллаб турибди. Умумий ҳисобда оиланинг томорқадан оладиган йиллик даромади 50 миллион сўмдан ошади. Бу маблағ рўзғорнинг анча-мунча кам-кўстига ярамоқда. Агар ҳар бир фуқаро томорқасидан худди Зулфия Мейлиевадек фойдаланиб, мўмай даромад топса, рўзғорининг бир чеккасини кўтариб юборади.
Эътибор берилса, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос деҳқончилик йўналиши бор. Шаҳрисабз туманининг Истиқлол маҳалласида эса кўпчилик оилалар кўкатчиликдан яхши даромад топишар экан.
Шу маҳаллада яшовчи Шоира Умарова ҳам 2,5 сотих майдонда кўкат етиштиришни йўлга қўйган.
— Яқин кунлар ичида пиёзларимизни кўкат сифатида бозорга чиқаришни бошлаймиз, — дейди у. — Ҳар куни 500-600 боғгача тайёрлаймиз. Бу жараён 1 ойдан зиёд давом этади. Шу билан бирга, томорқада турли сабзавотлар етиштирамиз, чорва, парранда боқамиз. Аввало, бу маҳсулотларни сотиб олмаймиз, ҳаммаси ўзимиздан чиқади. Истеъмолдан ортиқчасини эса бозорга чиқарамиз.
Ҳа, томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап ундан оқилона фойдалана олишда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг