ЖССТ: Дунёда вабога қарши вакциналар тақчиллиги кузатилмоқда
Сўнгги йилларда қатор минтақалар бўйлаб авж олаётган вабо эпидемияси миллионлаб инсонлар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда. Гарчи бу оғир хасталикдан ҳимояланиш чораси аллақачон топилган бўлсада, бироқ унга қарши вакциналар захираси ниҳоясига етди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебреесус ва Замбия президенти Хакаинде Хичилем муаллифлигида эълон қилинган таҳлилий мақола айни шу ўткир муаммога бағишланди.
Қайд этилишича, уч йилдан буён сайёрамизда мазкур эпидемия билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашяпти. Масалан, 2021 йилда 223 минг киши бу дардга чалинган бўлса, 2022 йилда мавжуд кўрсаткич икки баробар ошиб, 473 мингтага етди.
2023 йилги ҳисоб-китоблар эса янада хавотирли. Жаҳон бўйича ўтган йили 700 мингдан кўпроқ беморга вабо ташхиси қўйилган. Энг ёмони, ҳозир ҳам 23 мамлакатда касалланиш ҳолатлари рўйхатга олиняпти ва 1 миллиарддан зиёд инсоннинг саломатлиги хавф остида.
Бироқ фармацевтика компаниялари паст рентабеллик туфайли бу касалликка қарши вакциналар ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган. Чунки аксарият вабо ўчоқлари энг қашшоқ мамлакатларда аниқланяпти. Табиийки, улар бундай ҳимоя воситаларини катта миқдорда харид қилишга қодир эмас.
Шунга қарамай, жорий йилда 37-50 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилиши прогноз қилинмоқда. Лекин бу миллионлаб одамлар эҳтиёжларини қоплаш учун етарли эмас.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ишлаб чиқарувчилар, ҳомийлар ва ҳукуматларни бу борада ҳамкорликка ҳамда вабога қарши курашиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг