“Жон қозоқнинг оқинлари дўстиман — яқиниман”

Қадимдан қон-қариндош, уруғдош, элдош, тилдош, диндош қозоқ бовурларимиз билан бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз бир.
Янги замонда Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жаноби олийларининг оқилона сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари бугунги кунда иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Яқиндагина рўй берган, аммо ўзининг теран моҳиятига кўра, олтин ҳарфлар билан тарихга муҳрланган улкан воқеаларни эслайлик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 мартда қабул қилинган “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўргангиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорига биноан амалга оширилган қанчадан-қанча эзгу ишларнинг гувоҳи бўлдик.
Қарордаги вазифаларни ижро этишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўз ижодий ва амалий фаолияти билан катта ҳисса қўшмоқда. Абай ҳазратларининг “Сайланма” асарлар тўплами, “Ўзбек — қозоқ адабий алоқалари” илмий-оммабоп ва бадиий-публицистик мақолар тўплами ҳамда бошқа кўплаб китоблар ўзбек ва қозоқ адабиёти ихлосмандлари қўлига етиб борди. Бу китоблар мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, умумтаълим мактабларига беғараз ҳадя этилди. Талаба-ёшлар ва ўқувчилар ўртасида “Абай асарлари билимдони” иншолар танлови ўтказилди. Абай Иброҳим ҳазратлари туғилган 10 август санасини Ўзбекистонда кенг нишонлаш анъанага айланди. Ўша куни Тошкентнинг сўлим гўшаларидан бири Абай номидаги кўчада қад ростлаган буюк қозоқ шоири ва мутафаккири ҳайкали пойида тантанали анжуман ўтказилади. Ўзбек ва қозоқ тилларида шеърлар, ўланлар янграйди. Абай кўчаси пойтахтимизнинг қоқ марказидан ўтадиган Алишер Навоий номи билан аталадиган шоҳкўчага туташган. Бунда нақадар чуқур рамзий маъно борлигини икки бовурдош халқ жуда яхши англайди.
Ватанимиз мустақиллигинг 33 йиллиги байрами арафасида Қозоғистон пойтахтида ўзбек халқининг улуғ сиймоси, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Ушбу қутлуғ тарихий воқеага бағишланган тантанали маросимда икки давлат раҳбарлари иштирок этиб, нутқ сўзлагани халқларимиз дўстлигига жаҳон аҳлининг ҳавасини келтирди. Остона шаҳрида Алишер Навоийнинг муҳташам ёдгорлиги бунёд этилгани қозоқ халқининг ўзбек халқига бўлган қайноқ меҳр-муҳаббати ифодаси деб биламиз. Буюк бобокалонимиз ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг муҳташам “Хамса” достонлар мажмуаси қозоқ тилига таржима қилиниб, унга ҳурматли Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзбоши ёзганида ҳам қозоқ халқининг ўзбек халқига нисбатан катта эҳтиромини чин юракдан ҳис этдик.
Мамлакатимизда Ватанимиз мустақиллиги байрами шукуҳи кезиб юрган кунларда ижтимоий-маънавий ҳаётимизда, ўзбек — қозоқ адабий алоқалари учун яна бир қувончли воқеа рўй берди. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев фармонига биноан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Қозоғистон Республикасининг “Ҳурмат” ордени билан мукофотланди. Бу икки халқ дўстлигини куйлаб юрган, бир-бирининг асарларини она тилларига таржима қилиб, кенг тарғиб этаётган ўзбек шоирларининг ҳам, қозоқ оқинларинг ҳам юрагига катта қувонч бағишлади. Бу олий даражадаги мукофот, қардош давлат раҳбарининг ушбу юксак эътирофи икки халқ адиблари дўстлиги янада мустаҳкамланганининг ёрқин намунаси бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида юксак даражадаги мазкур мукофот Қозоғистон Республикаси Президенти номидан Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Бакирович Атамкулов томонидан топширлаётганда Сирожиддин Саййид ўз миннатдорлигини шундай изҳор этди: “Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ҳамда миллий адабиётимизнинг равнақ топишига, унинг халқаро миқёсда кенг тарғиб этилишига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор шарофати билан Қозоғистон Республикаси Президенти муҳтарам Қасим-Жомарт Тоқаев жаноби олийларининг Фармонига биноан Қозоғистон Республикасининг Давлат мукофоти — “Ҳурмат” ордени билан тақдирланганим учун миннатдорлик билдираман. Менга кўрсатилган ушбу эҳтиромни қозоқ қардошларимизнинг ўзбек адабиёти, қолаверса, ҳамиша дўсту қадрдон бўлган улуғ устозларимиз хотирасига эҳтиром ва юксак ҳурмат тимсоли деб биламан”.
Унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзалар, айниқса, Сирожиддин Саййиднинг ушбу ҳароратли сўзлари мукофотни топширишга бағишланган тадбир қатнашчилари юрагини тўлқинлантириб юборди.
Хизмат вазифамга кўра, Сирожиддин ака билан кўп ҳамсуҳбат бўлганим учун у кишининг Ватанга, эл-юртга, ўзбек ва жаҳон адабиётига, устозлар ва дўстларга меҳри нақадар кучли эканини яхши биламан. Бошқа халқлар адабиёти қаторида қозоқ оқинлари, шоир ва адиблари ижодига ошифталиги бўлакча. Президентимиз ташаббуси билан “Туркий адабиёт дундоналари” номли 100 жилдлик китоблар мажмуасини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этиш жараёнида ижодий гуруҳ раҳбари сифатида истеъдодли таржимонларга бош-қош бўлди. Ушбу муҳташам мажмуага кирган ҳар бир асар таржимаси Сирожиддин Саййид бошчилигидаги таҳрир ҳайъати томонидан қизғин муҳкокама қилинди, бадиий матн то маромига етгунича таҳрир этилди. Қисқа вақтда жуда катта ижодий иш муваффақиятли амалга оширилди. Туркий тилли давлатлар халқлари ёзма адабиётининг энг юксак намуналари жамлаган ушбу китоблар мажмуасининг 10 жилди қозоқ адабиётига бағишланган.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Адабий дўстлик — абадий дўстлик” шиори остида халқаро адабий алоқалар янада ривожланмоқда. Борди-келдилар кучаймоқда. Гоҳ Тошкент, гоҳ Самарқандда, гоҳ Остонада ёки Олмаотада ташкил этилган адабий тадбирларда ўзбек ва қозоқ ижодкорлари, шоирлари, айниқса, ёшларнинг иштироки таъминланмоқда. Истеъдодли ёш шоирларимизнинг қозоқ тилида “Жүз өлең”, қозоқ ёш оқинларининг ўзбек тилида “Юз шеър” китоблари нашр этилгани ҳам маънавий ҳаётимизда катта воқеадир. Бундай қувончли хабарлар, воқеа ва учрашувларга кўплаб мисол келтириш мумкин.
Не бахтки, борди-келдиларимиз бугун ҳар қачонгидан яхшиланган. Қозоқ биродарларимиз билан дийдорлашувга отланар экан Сирожиддин ака улуғ шоиримиз Ғафур Ғуломнинг “Қозоқ элининг улуғ тўйи” номли шеърини ёддан такрорлашни канда қилмайди:
Қорабайир ёлларини
Пойгаларда тарайман,
Мақтанмайман чин айтганда,
Бир чамалаб қарайман,
Айтисуда Сабит билан
Тортишувга ярайман.
Ўзбек элнинг донг қозонган
Манандай оқиниман,
Жон қозоқнинг оқинлари
Дўстиман — яқиниман.
Академик шоир Ғафур Ғулом ўз дўстлари ҳақида жўшиб шеър ўқиганидек Сирожиддин Саййид ҳам бугун адабий гурунглар, мушоираларда Қозоғистоннинг пешқадам шоирлари билан Алишер Навоий, Абай, Абдулла Орипов, Ўлжас Сулаймонов шеърларидан мисоллар келтириб, ёш ижодкорларга адабий сабоқлар беради. Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёти ҳақидаги хотираларини сўзлайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, устоз адиб ва таржимон Носир Фозилов ўзбек ва қозоқ адабиёти ўртасида бамисли олтин кўприк эди. Қозоқ туғишганлар Носир Фозиловга “Носир оғай” деб, алоҳида ҳурмат кўрсатишарди. Қозоқ адабиёти бўйича устоз билмаган нарса, таржима қилмаган асар йўқ эди. Оқсоқол дўстлари ва укаларини худди ўзининг уйига олиб бораётгандек Қозоғистонга бошлаб бораверар эди. Бир гал Носир Фозилов ижодий сафарда Сирожидддин Саййидни ўзига ҳамроҳ қилиб олади.
— Тадбир бўлаётган залга кириб боришимиз билан Носир оға қозоғистонликлар қуршовида қолиб кетди. Ҳамма уни қучоқлаб ўпаверади... — деган эди Сирожиддин ака ўша сафарни эслаб.
Носир Фозилов ҳазилкаш одам эди. Бовурларининг унга бўлган ўта даражадаги қайноқ ва самимий меҳр-муҳаббатидан хижолат бўлганидан ҳазил қилиб, ҳамроҳини кулдиради:
— Сирожиддин, мана кўрдингми, ҳамма мени ўпяпти, худди қари танноз аёлга ўхшаб қолдим...
Белгиланган тадбирлар тугагач иккаласи Олмаота шаҳри бўйлаб сайрга чиқишади. Кўп қаватли уй олдидаги болалар майдончасида ўғилчасини ўйнатиб ўтирган аёлга дуч келишади. Носир оға қизиқиб, қошу кўзлари қоп-қорагина ўғил боланинг исмини билгиси келади. Сирожиддин ака устозга “Шу боланинг исми ўзбекча исм бўлса кераг-ов”, дея кўнглига келган гапни айтади. Оқсоқол адиб бу гапга ишонқирамай аёлдан:
— Бу жигитнинг исми нима? — деб сўрайди.
— Алишер! — деб жавоб беради аёл.
Носир Фозилов Сирожиддин Саййиднинг топағонлигига тан бериб, кулиб юборади. Оқсоқол кичик Алишер ўғлонни дуо қилади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўтасидаги ҳамкорлик муносабатларининг бугунгидек иттифоқчилик даражасига кўтарилиши Абдулла Орипов ва Носир Фозилов каби устозларимизнинг орзу-армони эди. Сирожиддин аканинг “Менга кўрсатилган ушбу эҳтиромни қозоқ қардошларимизнинг ўзбек адабиёти, қолаверса, ҳамиша дўсту қадрдон бўлган улуғ устозларимиз хотирасига эҳтиром ва юксак ҳурмат тимсоли деб биламан”, деган сўзларидан устозларимиз қилган ўша орзу-армонлар бугун ушалганига теран рамзий ишора бор.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, яхши қўшничилик, дўстлик ва қондошлигимиз абадий бўлсин!
Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг