Жиззах арчазорлари сайёҳларни мафтун этмоқда
Саид ДОНИШЕВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда Жиззахнинг шаҳар ва туманлари қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, вилоят марказида аҳоли учун яратиб берилаётган имкониятлар, янги иш ўринлари, ижтимоий соҳа объектлари ва дам олиш масканлари сони тобора ортиб бормоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июндаги «Жиззах вилоятида мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли даромадлари ҳамда бандлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан «Истиқлол» болалар истироҳат боғи ва унга туташ Сангзор дарёси бўйида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Қарийб 20 гектар майдонни эгаллаган истироҳат боғига ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида унинг ёнидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёсида сув йиғиб туриш учун 3 та сув иншоотини қуриш амалга оширилмоқда.
— Ҳозирги кунда хорижий компанияларнинг энг яхши таклифларини танлаш бўйича танлов комиссиясининг 2023 йил 19 январдаги йиғилиш баёнига асосан Туркия давлатида фаолият юритаётган «НД ИМАР» лойиҳа компанияси томонидан Жиззах шаҳар ҳудудида танлаб олинган маҳаллаларнинг «Мастер режаси» лойиҳалари ишлаб чиқилган, — дейди Жиззах шаҳар бош архитектори Воҳид Мирзаев. — Ушбу лойиҳалари таркибига шаҳардаги айнан «Наврўз» ва «Сангзор» маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи Сангзор дарёси бўйи ҳамда «Истиқлол» болалар истироҳат боғи ҳудуди ҳам киритилган бўлиб, боғ ҳудудини реконструкция қилиш, ободлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, боғ ҳудудидаги сайр қилиш учун мўлжалланган йўлакчалар қайта таъмирланиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Мавжуд икки мингдан зиёд манзарали дарахтлар сонини олти мингдан ошириш мақсадида кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттириляпти.
Хуллас, «Истиқлол» истироҳат боғининг замонавий қиёфасини яхшилаш ва туристик зонасини ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий туристлар оқими ошиб боришини инобатга олган ҳолда, 20 дан зиёд савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, яна шунча турли хилдаги замонавий аттракционлар, автотураргоҳлар ташкил этилади. Яна бир эътиборли жиҳати, бу ерда «Истиқлол боғи» ва «Наврўзбулоқ» зиёратгоҳини боғловчи дор йўлини қуриш режаси ҳам мавжуд. Демак, шаҳарда туризм соҳаси янада ривожланиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб, ҳисоб-китобларга кўра яна 500 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилади.
— Аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишларни олиб боряпмиз, — дейди Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов. — Инвестицион фаоллик суръатларининг ошиши, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ва бунёдкорлик кўламининг кескин кенгайиши аҳоли яшаш жойларига тушаётган экологик юкламани камайтириш механизмларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бу борада янги дарахт кўчатлари экиш ва уларни парваришлаш бўйича бошқарув тизимини янгилаш, шаҳримизда «Яшил боғлар» ва «Яшил жамоат парклари»ни барпо этиш асосий вазифа қилиб белгиланган.
Дарвоқе, шаҳар жамоатчилигининг асосий мақсадларидан бири – Жиззах шаҳрини ҳам юртдошларимизни доимо ўзига мафтун қилиб келаётган Бахмал, Зомин каби гўшалар қаторига қўшиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш, кўчаю хиёбонларни яшил масканга айлантириш, шаҳар инфратузилмасидан замонавий хиёбонлар кенг ўрин эгаллашини таъминлаш саналади. Мазкур мақсадларнинг амалга оширилишига хайрихоҳлик эса нафақат Жиззах шаҳрининг кўкаламзорлашишига замин яратади, балки яшил масканлар сонининг ортиши натижасида инсонлар саломатлигини сақлаш, табиат софлигини асрашдек муҳим вазифани бажаришда ҳам муҳим омил бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг