ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқичи: Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан баҳсда муҳим ғалабани қўлдан чиқарди

23:20 25 Март 2025 Дунё
313 0

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқичи 8 тур баҳслари доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон терма жамоаси меҳмони бўлди.

Терма жамоамизнинг асосий таркиб футболчилари Остон Ўрунов ҳамда Жалолиддин Машарипов ушбу баҳсда жамоамизга ёрдам бера олишмади. Ўрунов жароҳати сабаб терма жамоа йиғинини тарк этган бўлса, Машарипов 7 турдан ўрин олган Қирғиз терма жамоасига қарши баҳсда сариқ карточка олгани сабаб Эронга қарши баҳсни ўтказиб юборди.

Шундай бўлсада, Эронга қарши баҳснинг дастлабки дақиқалариданоқ ҳамюртларимиз ҳужумкор ўйин намойиш этишди. Учрашувнинг 16 дақиқасида Фаррух Сайфиевнинг узатмасидан кейин Ҳожимат Эркинов ҳисобни очди. Таъкидлаш жоизки, Эркинов айнан Остон Ўруновнинг ўрнини тўлдириш мақсадида майдонга туширилганди ва у ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланди.

Биринчи бўлимнинг қолган вақтида мезбонлар ҳужумкор ўйин намойиш этиб, бир қанча голли вазиятлар ярата олишди, аммо ҳисоб ўзгармади. Биринчи бўлим терма жамоамизнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи бўлим тенг курашлар остида бошланди. Учрашувнинг 52 дақиқасига келиб Эрон терма жамоаси ҳужумчиси Меҳди Тареми Сардор Азмуннинг узатмасини кучли зарбаси орқали голга айлантирди ва ҳисоб тенглашди. Бироқ, орадан бир дақиқа ўтгач, 53 дақиқада Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасидан гол киритиб, Ўзбекистонни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Баҳснинг 83 дақиқасига келиб, Меҳди Тареми дубль қайд этиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. Ўйин якунигача ушбу ҳисоб ўзгаришсиз қолди. Шу тариқа Эрон терма жамоаси гуруҳда 20 очко жамғариб, мундиал йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритди.

Ҳамюртларимиз 17 очко жамғарган ҳолда гуруҳда иккинчи поғонани мустаҳкамлади. Асосий рақибларимиздан бири Қатар терма жамоаси Қирғиз терма жамоасига қарши баҳсда 3:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, катта эҳтимол билан тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқиш имкониятидан айрилди.

Бугун гуруҳдаги яна бир асосий таъқибчимиз БАА сафарда Шимолий Корея терма жамоасига қарши майдонга чиқади. Ушбу баҳсда БАА мағлуб бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси бугуноқ мундиал йўлланмасини қўлга киритади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?