Жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити Ўзбекистонда бўлиб ўтади — Т.Норбоева

2021 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Венада Австрия Республикаси Парламенти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари саммитида иштирок этди.
Унда пандемия оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатларни пандемиядан сўнг тиклашда аёлларнинг иштирок этиши масалалари муҳокама қилинди ҳамда долзарб масалаларга парламентнинг самарали таъсир чоралари кўриб чиқилди.
Саммит иштирокчиларига Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистоннинг пандемиядан кейинги даврдаги устувор йўналишларидан бири сифатида хотин-қизларнинг эътиборини иқтисодий рағбатларга қаратиб, уларнинг соҳадаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларга грантлар, кредитлар ажратиш, шунингдек, қизлар, аёлларни ўқитиш ва касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, республикада хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишлар қайд этилди.
Парламентлар аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Дунё мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарлари иштирокида бундай юқори даражадаги тадбир мамлакатимиз ва умуман минтақада илк маротаба ташкил этилади.
Саммитни Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан қабул қилинган ушбу қарор – бу жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижалари, гендер сиёсатидаги сезиларли ютуқлар, шунингдек, жамиятни демократлаштириш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар муваффақиятларининг эътирофидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг