Замонавий спорт майдончалари бор, аммо...
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқандда спортни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чекка-чекка маҳаллаларда спорт майдончалари қурилиб, ёшлар оммавий спортга кенг жалб этилаётгани ҳам эътирофга молик.
Спорт вазирлиги томонидан 2022-2023 йилларда вилоятдаги маҳаллаларда 31 та универсал, 36 та стритбол-воркаут, 16 та воркаут майдончаси қурилган. Бу майдончалар асосан Булунғур, Жомбой, Иштихон, Қўшработ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги маҳаллаларда «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган спорт мусобақаларининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган ёшларнинг маҳалласида барпо этилди.
— Жорий йилда вилоятда юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва «Workout» бўйича ташкил этилган юзга яқин спорт мусобақалари ва тадбирларига қарийб 94 минг нафар аҳоли жалб қилинган, — дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Бундан ташқари, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги спорт мусобақаларида 621 минг 461 нафар ёшларнинг иштирок этиши таъминланди.
Албатта, соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. Аҳолидан тушаётган мурожаатлар асосида Спорт вазирлиги ҳамда вилоят спорт бошқармаси ишчи гуруҳи спорт майдончаларининг қурилиш ҳолати, сақлаш, ундан фойдаланишни ўрганганда мавжуд 83 та спорт майдончасидан 11 тасининг ҳолати қониқарсиз эканлиги аниқланди. Уларнинг аксарияти Ургут туманидаги маҳаллаларда барпо этилган. Хусусан, тумандаги 13 та спорт майдончасининг 5 таси қаровсиз аҳволга келиб қолган. Андак, Зарафшон, Ватак, Кенагас маҳаллаларидаги спорт майдончаларининг резина қопламаси емирилган. Пастки Калангар маҳалласидаги универсал спорт майдончасининг ипли тўрлари яроқсиз аҳволда. Ваҳоланки, мазкур спорт майдончалари фойдаланишга топширилганига кўп бўлмаган. Каттақўрғон туманидаги Дўстлик, Тойлоқ туманидаги Бирлик маҳалласида барпо этилган спорт майдончалари хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Яъни, мазкур ҳудудларда спорт майдончаларидан унумли фойдаланишга эътибор берилмаган.
Ўрганиш давомида спорт майдончаларининг қурилиш ҳолати ва сифатига ҳам баҳо берилмоқда. Мисол учун, Паст Дарғом туманидаги Болдир маҳалласида 2023 йилда қуриб фойдаланишга топширилган воркаут майдончасидаги айрим машғулот анжомларининг пайвандлаш қисми кўчиб тушган. Қурилишидаги камчиликлар юзасидан қурилиш ташкилоти мутасаддиларига кўрсатма берилган. Камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Айтиш жоизки, спорт майдончаларини сақлаш ва ундан фойдаланиш учун нафақат ҳудуддаги спорт мактаблари мутасаддилари, балки маҳалладаги ёшлар етакчилари, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳам масъул ҳисобланади.
Бугунги кунда вилоятда 65 та спорт ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Спорт турлари бўйича вилоятдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига 1421 нафар, асосий таркибга 949 нафар, захира таркибга 472 нафар спортчилар қабул қилинган. Бу миллий терма жамоа таркибининг қарийб 10 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Жорий йилнинг беш ойи давомида вилоят спортчилари Ўзбекистон чемпионатида 956 та, жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 176 та медални қўлга киритди.
Аммо вилоятдаги айрим спорт федерацияларда амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижаларни қониқарли деб бўлмайди. Жумладан, дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, баскетбол, сузиш, гандбол, эркин кураш, қиличбозлик, от спорти, волейбол, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис, бадминтон, регби федерациялари қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда пенчак силат, кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти. Федерациялардаги ушбу муаммолар соҳа масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, топшириқлар ижроси назоратга олинган.
— Вилоятда спорт соҳасида юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, ортиқча оворагарчиликка барҳам бериш мақсадида соҳадаги 24 та йўналишни қамраб олган «ЭРП-спорт» ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилган, — дейди Ш.Рўзиев. — Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини шакллантириш учун бошқармамизда коррупцияга қарши курашиш жамоатчилик тузилмаси иш олиб боряпти. Аммо шунга қарамай, соҳада маъмурий кадрларни танлаш, иш ҳақларини ҳисоблаш ва тўлаш, спорт таълим муассасаларига ўқувчиларни қабул қилиш, спорт муассасаларининг моддий-техник таъминоти, тренер-ўқитувчиларга малака тоифаси ҳамда спорт паспорти бериш билан боғлиқ қонунбузилишлар учрамоқда. Хусусан, яқинда Тойлоқ, Пайариқ ва Нарпай туманларидаги спорт муассасаларида шу каби ҳолатлар кузатилган бўлса, республика ишчи гуруҳининг ўрганиши натижасида Қўшработ, Нуробод ва вилоятнинг яна бир қанча туманларида «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларини ташкил қилиш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовларини олиш ҳамда селекция ишлари билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар аниқланди. Камчиликларни бартараф қилиш ва ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга топшириқлар берилган.
Биз жорий йил якунига қадар вилоятдаги таъмирталаб спорт иншоотлари манзилли дастур асосида нечтаси босқичма-босқич таъмирланаётгани ва фойдаланишга топширилишини кузатиб борамиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг