Замонанг бор, яйраб даврон сурмоққа

09:15 04 Май 2024 Маданият
358 0

5 май — Ибройим Юсупов таваллуд топган кун

Ибройим Юсупов ўз ижоди билан ХХ асрнинг иккинчи ярми — XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихига ёрқин саҳифалар битган шоирдир. Унинг оташин шеърлари, айниқса Тошкентда таҳсил олаётган пайти ёзган «Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг» сатрлари ўз вақтида кўплаб талаба-ёшларнинг севимлисига, мадҳиясига айланган, десак муболаға эмас.

Шоир бугун орамизда эмас, аммо барҳаёт сиймоси юрагимизга муҳрланган, битиклари ҳамиша тилу дилимизда жаранглаб туради.

СОҒИНИШ

Саҳар вақти чиқсам Маъшуқ тоғига,

Шарқдан кулиб боқди Зуҳро юлдузи.

Кумуш булоқларнинг шўх қайнаши ҳам

Сени эсга солди Амунинг қизи.

Тоғдан булутларни ҳайдаса шамол,

Силкиб тургандайсан менга оқ рўмол,

Сув ичишга келган елдек шўх марол

Сенга ўхшаб кетди Амунинг қизи.

Гўё чўнг Элбрус осмонга теккан,

Булутлар маҳлиё, бошини эгган,

Баҳор байрамида оқ кўйлак кийган

Пайтларинг ёд этдим Амунинг қизи.

Шамол шилдиратса толлар япроғин,

Сени келдими деб алдандим тағин,

Какликлар гурлашиб учгани сайин

Хандангни эслатар Амунинг қизи.

Кўрсам жимирлаган сувларин сойнинг,

Тинглаб чўпон чалган шодон сурнайин,

Шунда бир сен бўлиб шодлигим, қайғум,

Кўз олдимда турдинг Амунинг қизи.

Нарзан булоқлари қандайин шинам,

Сенинг кўнглинг янглиғ тиниқ ва кўркам,

Тоғлар уйғонади, қалбимда бир ғам –

Орзуйим ўзингсан, Амунинг қизи.

Соғинчинг тугатди бор тоқатимни,

Тош устида турдим ўқиб хатингни,

Ёзсам ёш эманга ўйиб отингни,

Тоғлар ёдлаб олди Амунинг қизи.

Бештов жилваланиб турар қошимда,

Булутлар ўрмалар харсанг тошида,

Ҳар ким куяр бўлса севги ёшида,

Мендек бўлиб куйсин Амунинг қизи.

ТОШҚИН БЎЛИБ ОҚИБ ЎТ

Замонанг бор, яйраб даврон сурмоққа,

Дарё бўлсанг, тошиб-тошиб оқиб ўт.

Елман десанг, шамолдай чоп тўрт ёққа,

Булут бўлсанг кўнгилларга ёғиб ўт.

Гулман десанг, хумор боқтир кўзларни,

Тилман десанг, маржондай тиз сўзларни,

Қон-қардошдан бурма асло юзларни,

Гоҳ-гоҳида эшигини қоқиб ўт.

Ботир бўлсанг, армуғоқдай кўпик соч,

Шунқор бўлсанг, ёзгин самода қулоч,

Кенг феъл бўлиб эл-юртингга қучоқ оч,

Ҳаволанмай, сен мулойим боқиб ўт.

Вақт ғанимат, билгин олмосдан қиммат,

Унутма, бу гаплар эмас беҳикмат,

Эр йигитда бўлсин саховат, ҳиммат,

Тоғлар оша чақмоқ бўлиб чақиб ўт.

Ёшлик фасли ёзилмаган бир достон,

Доғ тушмасин унга, авайла, инсон,

Яшаш Яратгандан бизгадир эҳсон,

Тириклик бир марта берилар фақат.

СЎЙЛАСИН

Қўлга олгин дуторинг, ҳар номадан сўйласин,

Жаннатмонанд гулдиёр Фарғонадан сўйласин.

Хоразмнинг мен суйган ўн икки мақомидан,

Ё Ражабий, Абдулла мавлонадан сўйласин.

Келтир Ҳалимахоннинг жонона «Тановарин»,

Бубул хониш яйратган арвонадан сўйласин.

Ойимхон «Дам бермасин» Аму булбулларига,

Нодираю Зулфия сўзонадан сўйласин.

Дил истак хоҳишидир «Самарқанд ушшоқлари»,

Донгдор тенгдош Турсуной дугонадан сўйласин.

Ўзбек «оқ олтини»ни оламга достон этган,

Пахтакор деҳқон халқим мардонадан сўйласин.

Соз торлари сўйласин Аёзий дардларини,

Сендай жонондан етган армонлардан сўйласин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер