«Юрак — кул ичида тирилган Қақнус»
Фото: Архив сурат
22 апрель — Ойдин Ҳожиева таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида туғилган.
Шоиранинг «Шабнам», «Манзиллар», «Онам севган қўшиқ», «Орзу гули», «Тароват», «Достонлар», «Мушфиқ онажон», «Хушхабар», «Чашмаларни излайман», «Тамал тоши», «Ишонч юлдузлари», «Кўзимнинг оқу қораси», «Паноҳим» каби кўплаб китоблари ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилиб келинмоқда.
Ўтли туйғуларни ўзбек аёлига хос ажиб латофат билан куйлаган шоирага мустаҳкам сиҳат-саломатлик, омонлик, узоқ умр тилаймиз.
ЖАННАТ ЎЗБEКИСТОНДА…
Боғларда ёсуман гуллай бошлади,
Қумрилар мастона «ҳу-ҳу»лай бошлади,
Офтоб юракларни ёғдулай бошлади,
Ёзнинг шамоллари хуш ёқар жонга.
Қулфинай баргида қизил маржонлар,
Оқ тут оғизларда наввот-дармонлар,
Буғдой бошоқ тортиб сут тўлар онлар
Ёзнинг хаёллари ғунчалар жонда.
Урушқоқ майна ҳам хаёлпарастдир,
Кабутар рақслари ишққа пайвастдир,
Қирқоғайни гуллар бир фолпарастдир…
Сувлар гулдирайди қўш тегирмонда…
Жаннат Ўзбекистонда…
***
МЎЪЖИЗА ЛАҲЗАЛАРИ
Умрим бўғотига қор тушди неча,
Лайлак қорлар ёғди афсона айтиб.
Ҳаётимга янги йил кирган кеча
Ҳар гал болалигим учратдим қайтиб.
Кумуш теракларнинг қир учларида
Тилла исирғадай қолган варраклар,
Бир ҳовуч нур ўйнаб кулгичларида
Ўсмирлигим келар ҳар йил дараклаб.
Аллоҳдан мўъжиза кутган гўдакдай
Тутсам она тақдир этакларидан,
Қор босган тоғлардан сайраб какликдай
Йилларим чиқар қиш эртакларидан.
Кўзим-ла эркалаб ғунча қизларни,
Дилбар сингилларим манглайин ўпдим.
Шамолдай айланиб дала-тузларни,
Гуллар япроғига шудринглар сепдим.
Қорхат олиб келган кемшик болакай –
Остонамда турар шошқалоқ элчи.
Анҳор сукутида чалиб оқар най
Вақт деган ғанимат ғаройиб йўлчи.
Ёғоч дарчаларнинг зулфинларида
Мурғак қўлларимнинг тафти товланар.
Кўкка ўрлаган тут ажинларида
Ўн тўрт кунлик ой ўтовланар.
Қизийди гап-гаштак, ҳангома, гурунг,
Танчада биқирлаб қайнайди қумғон.
Кимдир «Кунтуғмиш»дан ўқий бошлар сўнг,
Ернинг илдизига туташади жон.
Борлиқни чулғайди жаннатий ифор,
Оппоқ камалакдан қамашади кўз.
Замин сукутида гувлайди бедор
Юрак — кул ичида тирилган Қақнус.
Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг