Юқори технологияли тиббий ускуналар беморлар ташвишини енгиллаштиради

15:09 05 Февраль 2026 Жамият
390 0

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий – амалий тиббиёт маркази Бухоро филиали 58 турдаги юқори технологияли тиббий асбоб –ускуналар билан жиҳозлантирилмоқда. Бу ускуналарнинг умумий қиймати 5,4 миллион АҚШ долларини ташкил этаяпти.

-Юртимизда аҳоли саломатлиги муҳофазасига катта эътибор қаратилмоқда,- дейди мазкур филиал раҳбари, тажрибали шифокор Ғафур Саидов.- Масканимиз учун янги тиббий ускуналарнинг ҳар бири қадрли. Хусусан, инвестиция дастури доирасида 14,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига радиология бўлими ва махсус радиологик бункерни ўз ичига олган икки қаватли замонавий бино барпо этилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан 3,4 миллиард сўм ажратилиб, рентген – радиология бўлими реконструкция қилинди.

Бевосита замонавий тиббий ускуналар ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар воситасида йил давомида икки минг нафарга яқин беморни замонавий нур терапияси билан даволаш, кўплаб хасталарга замонавий усулларда жарроҳлик амалиётини бажариш, кунига ўртача 30 кишини МRT текширувидан ўтказиш мумкин бўлади. Онкологик касалликларни даволаш самарадорлиги ошиши билан бир қаторда, беморларнинг шифо истаб мамлакатимиз пойтахти ёки чет элларга боришларига зарурат қолмайди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?