«Юксалиш»да юксалиш одимлари

13:36 09 Сентябр 2024 Жамият
355 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Юртимизнинг гўзал гўшаларидан ҳисобланган Наманган ҳам эни, ҳам бўйига ўсиб боряпти. Давлатобод туманида барпо этилаётган «Янги Наманган» шаҳарчаси лойиҳасининг биринчи навбати якунланиб, одамлар замонавий хонадонларга кўчиб кирганига икки йилдан ошди. Янги даҳа вилоят марказидан унча узоқ бўлмаган ва яқин вақтга қадар Иттифоқ дея аталиб келган аҳоли пункти негизида қад ростлади ва «Юксалиш» номини олди. 71 та кўп қаватли тураржой бинолари тикланиши билан 2764 оила шинам хонадонга эга бўлди. Ҳудудда қурилган ижтимоий инфратузилмаси, жумладан, битта умумтаълим мактаби, иккита болалар боғчаси, иккита шифохона, савдо, маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратган.

«Юксалиш»га кўчиб келганларнинг бандлиги масаласида бу ерда ташкил этилган учта кичик саноат зонаси ва эркин иқтисодий ҳудуд имкониятлар эшигини очди.

— Айни пайтда шаҳарчанинг навбатдаги босқичи қурилиши жадал давом этмоқда, — дейди «Янги Наманган» замонавий ишбилармонлик маркази ва тураржойлар мажмуасини барпо этиш давлат унитар корхонаси раҳбари Рустамжон Исоқов. — Бу дастлабкисига қараганда анча қамровли лойиҳа бўлиб, 346 гектар майдонни эгаллайди. Унинг 282 гектарига бизнес мажмуалар, меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш иншоотлари жойлаштирилади. 20 минг 800 хонадонга эга 171 та кўп қаватли тураржой бинолари, шунга яраша инфратузилма барпо қилинади.

Айтиш керакки, сифат ва тезкорлик билан уйғунлашган қурилиш технологияси 2028 йилда якунланиши кўзда тутилган иккинчи босқич объектларидан кўпчилигини битказиш имконини берди. Масалан, учта олий таълим муассасасига мўлжалланган даҳада Исъҳоқхон Ибрат номли чет тиллар институтининг ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Тошкент кимё технология университети ўқув корпуси, НамДУнинг инновация факультети ва иккита талабалар ётоқхонаси қурилиши жадал давом этяпти.

«Янги Ўзбекистон» боғи замонавий шаҳарчанинг муҳим объектларидан бири ҳисобланади. Қурувчилар уни 58 гектар майдонда барпо этишди. Бу ердаги катта ёзги амфитеатрда бирйўла 2500 киши турли маданий ва кўнгилочар тадбирларни томоша қила олади. Боғдаги 3,6 гектарда мавжланиб турган сунъий кўл, мусиқали фаввора барчага манзур бўлиши турган гап. Истироҳат масканида министадионлар, боулинг майдончаси, мўъжазгина «Ватанпарвар» хиёбонининг барпо этилгани ҳам айни муддао бўлди.

Бундан бир ҳафта аввал «Янги Наманган»да «Яшил макон резиденцияси» тураржой мажмуасини ҳам тиклашга киришилди.

— Мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 363 миллиард сўмга тенг бўлиб, қурилиш ишлари «Castle Town» масъулияти чекланган жамияти бош пудратчилигида оширилмоқда, — дейди Давлатобод тумани ҳокими ўринбосари Сардор Раҳимов. — Айни пайтда бинокорликка ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан 9, 12, 21 қаватли тураржой объектлари, меҳмонхона ва ресторанлар, Хитойнинг «BYD« компаниясида ишлаб чиқарилган автомобиллар сотув офиси ҳамда савдо ва хизмат кўрсатувчи иншоотларни тиклаш ишлари бошлаб юборилган. Янги мажмуа ўз номига муносиб бўлиб, уни юксак экологик талаблар даражасида барпо этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Дарвоқе, «Янги Наманган» гуллар шаҳри харитасига «ақлли шаҳар» номи билан киритилмоқда. Давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Маъмуржон Жалилов бу ҳақда шундай дейди:

— Халқаро шаҳарсозлик анъаналарида ўзига хос инқилоб яратган «ақлли шаҳар» тушунчасининг юзага келганига кўп бўлгани йўқ. У ахборот ва коммуникация технологиялари тараққиёти ҳамда шу соҳадаги ютуқларнинг шаҳарсозликда кенг фойдалана бошланганлиги билан боғлиқ. Яъни АКТ ва интернет имкониятлари шаҳарни, айниқса, унинг инфратузилмасини замонавий усулларда бошқаришга йўл очади. Бу эса транспорт, таълимдан тортиб соғлиқни сақлаш ва уй-жой-коммунал хизматгача – ҳамма-ҳаммаси янада юқори ва мукаммал даражага кўтарилади, демакдир. Шу туфайли аҳолининг турмуш фаровонлиги кескин ошади.

Келажак шаҳри ҳисобланган мукаммал масканни бунёд қилиш концепцияси Туркиянинг «Studio wertebrа» компанияси томонидан ишлаб чиқилиб, «Тошкент бошпланЛИТИ» ДУК лойиҳаси асосида қурилаётганини айтиб ўтиш лозим. Унинг эътиборли жиҳатлари орасида илғор «яшил технология»лардан кенг фойдаланилганлиги, бу ерда нафақат яшаш ёки бизнес юритиш, спорт билан шуғулланиш, балки кундалик турмуш учун энг замонавий шарт-шароит яратилиши диққатни жалб этади. Кимнинг шундай бекаму кўст ошёнда яшагиси келмайди, дейсиз?

Ҳа, айтганча, олдинда истиқболли лойиҳанинг якунловчи босқичи турибди. Унда энг аввало, 50 минг хонадонга эга 700 дан ортиқ кўп қаватли тураржой биноларини барпо этиш кўзда тутилгани, пировардида «Янги Наманган» яхлит ҳолда 200 мингга яқин оилани бағрига олиши билан аҳамиятли. Давлатимизнинг инсонпарвар ижтимоий сиёсати ва кун сайин юксалиб бораётган куч-қудратининг яна бир далолати шунда эмасми?!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?