Юксак марраларга ундаётган рағбат

14:59 15 Ноябрь 2019 Маданият
1383 0

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

Рағбат инсонга куч беради, уни янги марралар сари руҳлантиради. Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар, ўқитувчи ва концертмейстерлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ўзини ёшлар таълим-тарбиясига, қалбимизнинг “математикаси” бўлган мусиқа ва санъат ривожига бағишлаган инсонларга қанот бағишлади.

Мирзо Улуғбек туманидаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактабига борганимизда бу кўтаринки руҳ ҳамда шукуҳни яна бир бор ҳис қилдик. Ўқитувчию ўқувчиларда юқори кайфият, уларнинг хатти-ҳаракатларида ғайрат-шижоат сезилиб турибди.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

Муассасада ижодий муҳит ҳам ўзгача: фортопеано шаклида ясалган ўриндиқлар, деворларга осилган буюк бастакорлар суратлари, ўқувчилар чизган, ясаган ижодий ишлар, халқаро танловлар ғолибларининг диплом ва фахрий ёрлиқлари намойиши бу ерда янгиликка интилиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш устувор тамойил эканини ойдинлаштиради. Турли чолғу асбобларининг товушлари, ўқувчиларнинг хор бўлиб ашула айтаётгани дарс жараёнлари қизғин кечаётганини англатиб турибди.

1959 йилда асос солинган ушбу мактабда бугунги кунда 440 нафар ўқувчи ўнга яқин санъат турлари бўйича таҳсил олмоқда. Анъанавий чолғулар, эстрада хонандалиги, анъанавий ва миллий хонандалик (мақом), хореография, тасвирий санъат, амалий санъат, театр санъати ва бошқа шу каби кўплаб йўналишлар бўйича таълим-тарбия олаётган ёшлар уларга яратиб берилган замонавий шароитлардан мамнун.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

— Ўқув даргоҳимиз қайта реконструкциядан чиққанидан сўнг ўқувчилар сони ва таълим йўналишлари ҳам кўпайди, — дейди мактаб директори Малоҳат Агаева. — Анча йиллардан буён масканимизда малакали кадрларга талаб юқори эди. Мактабда барча зарур шарт-шароитлар, масалан, энг замонавий чолғу асбоблари бўлсаю, уларни ишлатадиган, ёш авлодга ўргатадиган мутахассис топилмаса, нақадар ачинарли! Тўғрисини айтганда, бу номаъқул ҳолатга ойлик маошларимизнинг нисбатан камлиги ҳам асосий сабаблардан бири эди. Президентимиз томонидан сўнгги йилларда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани, жумладан, давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, ўқув-тарбия жараёни ва меҳнатимизга ҳақ тўлаш бутунлай янгича асосда ташкил этилгани фаолиятимизга қайта жон бахш этди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари директор ва директор ўринбосарлари учун — 1,5 бараварга, ўқитувчилар ва концертмейстерлар учун — 1,25 бараварга оширилди. Бу соҳа вакилларига қанчалик рағбат бағишлаганини бугун санъатнинг турли йўналишларида ёшларга сабоқ бериш ниятида таълим масканимизга келаётган устоз-мураббийлар салмоғининг ошганида кўриб турибман.

Фото: Динара Чиркова, «Халқ сўзи»

Муассасада ижодий муҳит ва ишга муносабат ўзгаргани жамоанинг юртимиз ҳамда халқаро миқёсда ўтказилаётган турли кўрик-танловларда қўлга киритаётган ютуқлари мисолида яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, АҚШнинг Лас-Вегас штатида бўлиб ўтган “Golden dream — 2019” халқаро танловида мактаб ўқувчилари юқори натижа қайд этди. Маскан тарбияланувчилари уч йўналиш бўйича Гран-прига сазовор бўлди.

Қўлга киритилаётган ютуқлар ўз йўлига. Муҳими, олиб борилаётган ишлар натижасида ёшларда асл санъатга иштиёқ, асрлар оша яшаб келаётган бебаҳо маданий меросимизга қизиқиш кучайиб бормоқда. Бу ҳозирги кунда тобора авж олаётган онгу қалбга қаратилган хуружлар, “оммавий маданият” иллатларидан келажак авлодни асрашда таянч нуқта бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер