Ёш олимнинг китоб тақдимоти ўтказилди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот кутубхона марказида олим ва тадқиқотчилар, нодавлат ташкилотлари фаоллари ҳамда оммавий ахборот ахборот воситалари ходимлари иштирокида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкатжон Бобожоновнинг китоб тақдимоти ўтказилди.
— Халқимизнинг бой тарихи, маданияти, ўзига хос урф-одатлари хорижий сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда, — дейди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси бўлим бошлиғи Ўктамали Равшанов. — Воҳанинг қадимий қадамжоларини зиёрат қилиш истагида келаётганлар оқими ҳам йил сайин кўпаймоқда. Бу барчамизнинг зиммамизга юртимиз тарихини янада чуқур ўрганиш, илмий асосланган китоблар ёзиш, ёш авлодни ўзлигини англашга даъват этишга ундайди. Кўҳна шаҳарда туғилиб ўсган, айни дамда Тошкент давлат педагогика университетида фаолият кўрсатаётган Шавкатжон Бобожоновнинг «Бухорода ҳукмдорларни дафн этиш анъанаси» ҳамда «Бухоро воҳасида зиёрат туризмининг шаклланиши ва ривожланиш хусусиятлари» китоблари шу нуқтайи назардан алоҳида аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, Бухоро зиёрат туризми бўйича жуда катта салоҳиятга эга. Шуни эътиборга олиб, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Етти пир зиёратгоҳлари тўлиқ қайта реконструкция ва реставрация қилинди. Зиёрат амалларини бажариш учун барча шароитлар яратилди. Уларда замонавий меҳмонхоналар ишга тушди. Бунинг ҳисобига зиёратчилар оқими 5-6 бараварга кўпайди. Олимларнинг тариқат пирлари илгари сурган умумбашарий ғоялар мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган асарлар билан бу соҳа равнақига ҳисса қўшаётганлари айни муддао.
Тадбирда муаллиф ушбу асарларнинг яратилиш жараёни, тарихимизнинг очилмаган қирралари ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида Ш. Бобожоновнинг устоз ва ҳамкасблари тарихий жараёнлар маҳаллий манбалар, илмий адабиётлар ва архив материаллари асосида ёритилган бу китоблар кенг китобхонлар оммасига мўлжаллангани, узоқ изланишлар маҳсули эканини таъкидлаб, ёш олимнинг ижодий ишларига муваффақият тилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг