Ёрмозор ковраклари жаҳон бозорида харидоргир

13:54 23 Июнь 2025 Жамият
184 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғонада коврак етиштириш учун қулай иқлим шароити мавжуд. Коврак халқ табобатида ҳам, фармацевтика саноатида ҳам жуда қадрланади. Жаҳон бозорида ўта харидоргир. Яқин-яқингача ушбу ўсимликдан ҳеч қандай иқтисодий манфаат кўрилмас, нари борса аҳоли ўсимлик илдизини ўз билганича ковлаб олиб, браконьерларга сувтекинга пулларди. Оқибатда ёввойи ҳолда ўсадиган ковраклар ҳам тобора йўқолиб бораётганди.

Фарғона шаҳаридаги «Ёрмозор» МФЙ ҳудудида 3,5 гектар ерда коврак етиштирилмоқда. Бу йилига ўртача 2 тонна ҳосил олиб, дунёнинг 10 га яқин давлатига экспорт қилиш имконияти берилмоқда. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Баҳодиржон Ҳомидов ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган лойиҳа доирасида 65 та янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда лойиҳанинг кейинги босқичини амалга ошириш орқали экин майдонларини кўпайтириб, юқори даромадли иш ўринларини кенгайтириш мақсад қилинган.

— Корхонамиз асосан доривор ўсимликлар етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, — дейди «Водил фермула фарминг» ИЧК раҳбари Собиржон Сулаймонов. — Ўтган йилдан бошлаб Ёрмозорда коврак етиштириб, Ҳиндистон, Хитой, араб мамлакатларига экспорт қиляпмиз. Шу кунларда Европа бозорининг бу борадаги талаб ва эҳтиёжи ўрганилмоқда. Бундан кўзланган мақсад яқин истиқболда кўҳна қитъага коврак экспортини йўлга қўйишга қаратилган.

Фарғонада яқин келажакда махсус плантациялар ташкил этиш ва шу ернинг ўзида саноат усулида қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Айтиш жоиз, ер юзида ковракнинг 170 дан ортиқ тури мавжуд. Юртимизда унинг 50 та тури учрайди. Бу доривор ўсимлик фармацевтика, озиқ-овқат ва парфюмерия саноатида кенг қўлланади. У ошқозон-ичак, ангина, бронхит, онкологик касалликлар, нафас йўллари шамоллаши каби ўнлаб касалликларга табиий ва шифобахш малҳам, самарали даво воситаси ҳисобланади.

— Ёрмозорда жаҳон бозорида харидоргир «Куҳистон» ковраги парваришланмоқда, — дейди Доривор ўсимликлар етиштириш бўйича мутахассис Нурбек Бегимқулов. — 3,5 гектар ерда 200 минг туп коврак ўсимлиги ўсмоқда. Июнь ойининг охиридан бошлаб куз фаслигача ҳар туп ковракдан ўртача 10 граммдан ҳосил олинади. Агротехникаси қийин эмас, камсувлиги сабабли камхарж ва сердаромад ўсимлик саналади.

Коврак кўп йиллик ўсимлик бўлиб, ўсиш муҳити ва об-ҳаво шароитига қараб 1,5-2 ой яшайди. Ковракнинг бўйи 1,5-2 метргача, илдизи 15-20 сантиметргача етади. Одатда доривор маҳсулот сифатида унинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси ва бошқа қисмларидан тайёрланадиган шираси, кукуни, настойкасидан ва таблетка шаклида фойдаланилади. Асосан елими-илдизидан олинадиган шираси тиббиётда кенг қўлланади. Баҳор фаслида фойдали витаминлар, микроэлементлар ўрнини тўлдириш орқали организмни турли зарарли хилтлардан тозалайди, руҳий тетиклик беради.

Коврак халқ табобатида ҳам ғоятда фойдали, доривор ўсимликлар сирасига киритилган. Ибн Сино ковракнинг буйракдан тош тушириш, псориаз, экзема, тери ва жигарни тозалаш ҳамда турли касалликларни даволашдаги фойдали хусусиятлари ҳақида ёзиб қолдирган. Шарқ табобатида асаб тизимидаги бузилишлар, тутқаноқ, бепуштликни даволашда ҳам ишлатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?