«Яшил макон»: Навоий вилоятида кўчат экиш ишларига старт берилди

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий вилоятининг ҳудуди 11 минг квадрат километрдан ошиқроқни ташкил этиб, унинг саксон фоиздан кўпроғи Қизилқум ҳиссасига тўғри келади. Табиийки, атроф-муҳитни ободонлаштириш, ялт этган имкониятни ишга солиш лозимлигини навоийликларга иқлим шароитининг ўзи тақозо этмоқда. Шу боис «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш ишларига видеоселектор кўринишида вилоятдаги барча туманларда бирваракай старт берилди.
— Бугуннинг ўзида бутун вилоят бўйича 9 млн.га яқин манзарали ва мевали дарахтлар, жумладан 3 млн. туп саксовул, 2 млн. туп мевали, 4 млн. туп манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди, — дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зубайда Душанова. — Ҳар бир экилган кўчат бошқармамизнинг махсус платформасида қайд этилиб, жараёнлар эса рақамлаштирилади.
Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги «Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ҳудуддаги йирик саноат корхоналари томонидан ўз «Яшил белбоғ»ларини ташкил этишга ҳам оммавий киришилди.
— Ушбу қарорга кўра энг биринчи «Яшил белбоғ»лар 2025 йил баҳор ва куз мавсумидан бошлаб Навоий шаҳри ва Кармана тумани маркази атрофидаги 300 гектарда — «Қизилқумцемент» АЖ, «Навоийазот» АЖ, «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ ва «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, Зарафшон шаҳри атрофида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, Учқудуқ тумани маркази ва Зафаробод қўрғони атрофида «Навоийуран» АЖ томонидан ташкил этилади, — дейди вилоят ҳокимлигининг шўба мудири Азиз Отақулов. — Энг муҳими, «Яшил белбоғ»ларни ташкил этиш лойиҳасида тежамкор доимий сув таъминоти манбалари мажбурий равишда назарда тутилиб, экиш ишларига ташаббус асосида компенсация тўловчи ташкилотлар, ободонлаштириш бўлимлари, бошқа ташкилотлар ва ҳудудда яшовчи фаол фуқаролар жалб қилиниши белгиланган. Яъни амалдаги қонунчиликка кўра биз юқорида қайд этган корхоналар атроф-муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари тўловчи ташкилотлар ҳисобланади.
Кўчат экиш ишлари долзарб 30 кунлик доирасида 30 мартгача давом этиб, тажрибали агроном мутахассислар ҳар бир шаҳар ва туманга сафарбар этилади. Экиш мавсуми тугаши билан ҳар бир ҳудудга ўрмон хўжалиги, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг туман (шаҳар) инспекциялари инспекторлари ҳамда тегишли ташкилотлардан масъуллар бириктирилиб, сақлаш ва парваришлаш ишлари амалга оширилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг