Янги тафаккур ва дунёқараш – ислоҳотлар драйвери
Фото: president.uz
Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар
Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз. Бу эл тарихдан илм-фан, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган. Фарғоналиклар меҳнатсевар, ишбилармон. Бу салоҳиятни, ички имкониятларимизни тўлиқ йўлга қўйиб, халқимизни рози қилиш керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Водий дурдонаси, юртимизнинг дилбар гўшаси сифатида эъзозланувчи Фарғона барчамизнинг кўз ўнгимизда тобора обод ва файз касб этиб бораётгани айни ҳақиқат. Эзгу ташаббуслар барча-барчани муштарак мақсад йўлида ўзаро жипслаштираётгани, бир ёқадан бош чиқариб, эртанги кун истиқболига пешвоз чиқишга ундаётгани қалбимизга ғурур-ифтихор бахш этади.
Яқин йилларгача ҳам олдимизда бир қарашда забт этиш қийин бўлган довонлар бор эди. Бу – тафаккуримиз, дунёқарашимиз, турмуш тарзимиз, орзу-ниятларимиздаги янгиланиш, ислоҳ этилиши зарур бўлган тушунчаларимиз билан боғлиқ кўз илғамас довонлар эди. Эзгу фазилатли халқимиз кейинги йилларда янги давр, янги замон – Янги Ўзбекистон довонларини қатъий ишонч, аниқ режа-мақсад, узоқни кўзлаган юксак ақл-идрок билан забт этиб келаётганини дунё кўриб турибди. Ҳаётбахш ислоҳотлар самарасини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Янгиланаётган Фарғона тимсолида улуғворлик билан бирга муҳташамлик мужассам. Бир пайтлар торгина йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчанлик ва бунёдкорликнинг ёруғ изларини кўриб, ушбу жараённинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки фаоли ва фидойиси бўлишга интиляпти.
Биз яшаб турган олам ободлиги ақлу заковат, тафаккур маҳсули бўлса, ҳамюртларимизнинг ҳамжиҳатлиги, меҳр-оқибати аждодлардан мерос маънавиятимиз ҳосиласидир. Зотан, олам чиройини хулқи гўзал, серқирра фазилатли эл яратади. Фарғоналиклар ана шундай сифатлар соҳиби, десак муболаға бўлмас...
Бундай ўзгаришлар, эзгу фазилатлар давлат раҳбари томонидан эътироф этилиши одамга ўзгача кайфият бахш этади. Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқ туманидан бошлаган Шавкат Мирзиёев Қапчуғай қир-адирларида қисқа фурсатда барпо этилган минг гектарлик узумзор боғда туман аҳли, фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Ардоқли ижодкорлар таъбирича, водийда ҳатто тошлар ҳам гуллайди. Яқингача қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди, деган иборага мос мазкур ҳудудда инсон меҳнати, ақл-заковати туфайли мўъжиза яратилди.
— Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди, — деди Юртбошимиз.
Олтиариқда ер билан тиллашиш ва диллашиш борасида навқирон авлод – Исақжон Бойматов, Ҳасанжон Ғофуров, Нуриддин Алиқулов сингари кўплаб ёшлар бу нақадар ҳаётий ҳақиқат эканлигини кейинги йилларда эришаётган ютуқлари мисолида исботлашяпти. Улардан мотивация олаётган юзлаб, минглаб йигит-қизлар деҳқончиликка инновация, илм-фан, тадбиркорликни кенг жорий этишмоқда.
Янги узумзор боғга ёндош ҳудудда “Nurt Fruit«фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Алиқулов 2,5 минг тонна сиғимга эга мева-сабзавот сақлашга мўлжалланган музлатгичли омборхона қурди. Фермер хўжалиги тасарруфида элликка яқин замонавий юк ташиш машиналари йилнинг тўрт фаслида ҳам Олтиариқ узуми ва бошқа мева-сабзавотларни турли ўлкаларга ташийди. Ўтган йили ёш тадбиркор 3,5 млн. АҚШ доллари ҳажмида экспортни амалга оширган бўлса, бу йилги режа – 5 млн. доллар!
— Узум Олтиариқнинг «ташриф қоғози», бренди, — дейди олтиариқлик соҳибкор Ҳасанжон Ғофуров. — Мисол учун, хонадонимизда кейинги йилнинг баҳоригача узумни токдан узмай сақлаймиз. Туманда узумни табиий усулда узоқ сақлаш ҳадисини олган биз каби оилалар жуда кўпчиликни ташкил этади. Айтайлик, кузда бир кило узум ўртача 10-15 минг сўм бўлса, баҳорда 80-100 минг сўмгача сотилади. Туманимиз фахри Анвар Обиджон бодринг пишганда бутун Ўзбекистон Олтиариққа қарайди, дея бир ҳажвия ёзганди. Энди бутун дунё Олтиариқ узумига кўз тикиб турибди...
Мамлакатимизда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактаби анъаналари қадри абад қадрият сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Уста Қодиржон Ҳайдаров асос солган Қўқон мактаби ислимий нақшлари, санъат асари даражасидаги бетакрор ишлари билан машҳур. Ўзбекистон халқ устаси, Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси раҳбари Муҳаммадали Юнусов бу мактаб анъаналарини муносиб давом эттираётган устазода. Уста акани йўқлаб борсангиз, гавжум масканда ҳунармандлар сайлига тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни.
Бошида қалампир нусха Марғилон дўппи, эгнидаги яктаги табаррук ёшига ўзгача салобат бағишлаган мезбон дастурхонга янги узилган ўрик, гилос қўяди.
— Ўзимизнинг боғдан, ҳозир аянгизнинг қаймоқ шўрваси ҳам тайёр бўлиб қолди, — дея уста ака елкасидаги қийиғи билан терини артиб, нақшинкор сўрига омонатгина чўккалади. — Э, шогирд бола (уста ака деярли барчани шундай атайди), ёшликда мутлақо шахсий мулким деб ўйлаган сочлар, йигитлик ғайрати, соғлом оёқлар, барчаси секин-аста бизни тарк этиб кетаверар экан...
Аммо ўша гап, ваъда битта: Президентга бундан буён камида беш мингта шогирд тайёрлашга, корхона қошида мактаб ташкил этишга берилган сўз, Яратган эгам умр, сиҳатлик берса, албатта, тўлиқ бажарилади. Буни қаранг, илгари битта нақш устида баъзан ҳафталаб кўз нуримизни тўкардик, бугун бизнинг ишимизга ҳам инновация кириб келди. Янги дастгоҳ ва ускуналар машаққатли меҳнатимизни осон қиляпти.
Бувайда туманида тарихий зиёратгоҳ, маданий обидалар, шу жойларни бунёд этган қўли гул усталар кўп. Бувайдаликлар ота-боболар ишини янги кўз билан кўряпти, ақлли ёндашув билан давом эттиряпти. Шу боис тумандаги ҳар бир маҳаллада ихтисослашув, ҳаётий тажриба, шунга яраша даромад бор. Ҳунармандлар ҳам аввалгидек туну кун қора терга ботиб ишлаётгани йўқ. Ишнинг қийини техникалар, дастгоҳлар зиммасига юкланган.
— Гапнинг очиғи, Президентимиз биз билан жуда оддий, самимий суҳбатлашганидан ҳалигача ҳайратдаман, — дейди Бувайда тумани Беглар маҳалласида яшовчи Санжар Турсунов. — Юртбошимиз шахсан менга ўз мебелларим, эшик-ромларим брендини яратиш бўйича зўр ғоя берди. Хитойнинг катта шаҳарларида кўриб келиб, шу ҳақида ўйлаб юргандим. Туманимизда янги қуриб битказилган ҳунармандлар мажмуасида менга ажратилган жойда биринчи ўринда ўнта иш ўрни яратиш, маҳсулотларимни ўз ёрлиғим билан чиқаришга ҳаракат қиламан.
Бобошбек Учкўприк туманининг жаҳон бозорига чиқаётган маҳалласи. Фарғоналиклар ҳазиломуз оҳангда «Бобошбек – Фарғонанинг Хитойи» дейишади. Ҳақиқатан, беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи маҳаллада деярли ҳар бир оила тадбиркор, кўчалар туну кун савдо расталари, юк машиналари, харидорлар билан гавжум. 6 сотихли хонадонининг 1,5 сотихида трикотаж цехини жойлаштириб, 30 та иш ўрни яратган ёш тадбиркор Ирода Содиқова Фарғона вилоятига аввалги ташрифлари чоғида Президентга ҳудудда замонавий мажмуа қуриб бериш таклифи билан чиққан эди. Бобошбекда қисқа фурсатда 15 гектар ерда кўп қаватли бинолар қад ростлади. Бу ерда 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси қуриб битказилди. Шунингдек, 2 та логистика маркази ташкил этилди.
— Президентимизнинг қўллаб-қувватлашидан руҳланиб, “B” бренди остида маҳсулотларимиздан илк намуналар МДҲ, Осиё ва Европа қитъаси давлатларига жўнатилди, — дейди маҳалланинг қўли ва қалби гул чевари Ҳамидахон Акбарова. — Россиянинг бир неча машҳур савдо тармоқлари табиий, экологик жиҳатдан тоза болалар, аёллар кийим-кечакларига катта қизиқиш билдирди. Хитой, Жанубий Корея бозорларидаги талаб ва таклифни ўрганиш мақсадида маркетинг ишлари олиб борилмоқда.
Бундан буён тор, диққинафас уйларда ишлаш азобидан қутулдик. Қишки совуқ, чироқ ўчиши, болаларимизнинг изиллаб йиғлаши энди тушга айланади. Кенг, покиза ва ораста жойда яшаган, ишлаётган одамнинг феъли, ҳаётга муносабати ҳам шунга яраша бўлади.
Айни пайтда вилоятда 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият кўрсатмоқда. Жанубий Корея корпорацияси Ёзёвон туманида пахта-тўқимачилик кластери ва ишлаб чиқариш корхоналари учун инвестиция киритишни режалаштираётгани тармоқ истиқболидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерларининг энг гиганти – “Fergana Global textile«фаолияти билан танишди.
— Бу янги авлод корхонаси, — дейди “Global textile infinity«МЧЖ таъсисчиси Музаффар Раззоқов. — Германияда ўқиб, ишлаб юрганимда юртимизда шундай саноат корхонаси қуришни орзу қилгандим. Орзум рўёбга чиқаётганидан мамнунман. Корхонада йилига 18 миллион метр юқори сифатли мато ҳамда 2 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Марғилон шаҳрида азалдан тадбиркорлик, ҳунармандчилик ривожланган. Кўҳна кентнинг Наврўз маҳалласида ташкил этилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасидаги янги корхоналарда навқирон авлод вакиллари, хотин-қизлар учун мингдан ортиқ доимий иш ўринлари яратилди. Тадбиркор Равшанбек Собиров давлат раҳбари билан учрашувдан катта мотивация олгани, «Маррани каттароқ олинглар, ёнларингда мен – Президент турибди», деган сўзи уни янги-янги ғояларни амалга оширишга рағбатлантирганини таъкидлайди.
Шунингдек, Юртбошимизнинг Тошлоқ туманида жойлашган “Agro impex valley«масъулияти чекланган жамият, Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази, «Янги Ўзбекистон» массивининг қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишув жараёнида бир қатор эзгу ташаббуслар илгари сурилгани қувонарли.
— Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари 2021 йили вилоятда 10 мингдан кўпроқ кичик корхона ташкил этилгани, экспорт ҳажми 801 миллион долларга етганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шерзод Каримов. — Бу йилги марра янада юқори олинган: 2022 йил якуни билан вилоятда экспорт, хорижий инвестициялар жалб этиш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутиляпти.
Маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутилаётган бўлиб, бу одамларга муносиб шарт-шароит яратиш, тадбиркорлик инфратузилмасини янада яхшилаш имконини беради.
2022-2023 йиллари вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 31 триллион сўм бўлган 1 минг 268 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари ривожланиш «драйвер»и бўлади.
Дунёда инсоннинг руҳияти, онгу тафаккури, яшаш тарзига кучли таъсир кўрсатувчи, она юртга муҳаббати, ўз тақдири, ҳаётга қарашларини ўзгартириб юборувчи шундай янгиланишлар бўладики, бу жараёнга олимлар тарихий воқелик сифатида таъриф берадилар.
Бу каби орзуларга қанот бўлувчи энг улуғ ва қутлуғ саодат бор, унинг номи – тинчлик. Усиз ҳаётнинг завқи йўқ, инсон тақдири, юрт келажаги йўқлик, мавҳумлик сари гирифтор бўлади. Шунинг учун ҳам халқимиз бугунги тинч-осойишта, тобора обод ва фаровон бўлиб бораётган ҳаётни ўзгача қадрлаб яшайди.
Фарғонадаги оламшумул ўзгаришлар, янгиланиш ва истиқбол Президент Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлиқ. Юртбошимиз ҳар гал ушбу вилоятга ташриф буюрганида каттаю кичикни бунёдкорлик ишларига даъват этади, бугунги кунга тийрак нигоҳ ташлашга, келажакка умид ва ишонч билан қарашга ундайди.
Янги Ўзбекистон нафақат тарихи, улуғ аждодлари, балки бугун шу жаннатмонанд заминда яшаётган ҳар бир инсонни, ҳар бир оилани боши узра баланд кўтараётган азамат юртдир!
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг